ЖАМИЯТ

Сарсонгарчиликнинг чегараси борми?!

       Термиз туманидаги 12 нафар тадбиркор нега 4 йилдан бери компенсация пулларини ололмаяпти?

     Олий суд қарори ҳам даъвогарнинг дардига дармон бўлолмаса кимга мурожаат этиш керак?

Ҳаммаси 2015 йилда, Сурхондарё вилояти Термиз тумани қишлоқ массивларида намунавий уй-жойларни барпо этиш мақсадида туманнинг “Гулистон” ва “Мангузар” МФЙ ҳудудларида фаолият юритаётган 12 нафар тадбиркорнинг савдо дўконлари бузиб ташланишидан бошланди.

“Ҳа, энди… Элга келган тўй! Савдо дўконимиз бузилса, бошқа ҳудуддан ер ажратилади ва компенсация пуллари тўлаб берилади. Биз тадбиркорлигимизни яна давом эттирамиз” дея чучварани хом санашди тадбиркорлар. Бўлмаса, 4 йилдан буён ўзларининг қонуний ҳақи – бузиб ташланган нотурар жой биноси учун компенсация пулларини талаб қилиб, идорама-идора сарсон бўлишармиди?

Аниқланишича, Термиз туман ҳокимлиги томонидан тумандаги Термиз халқаро аэропортидан Хайратон кўпригигача бўлган автомобил йўлининг тўла таъмирланиши ҳамда ушбу ҳудудда 2015 йилда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қурилиши муносабати билан йўлнинг муҳофаза зонасида жойлашган нотурар жойларни бузиб олиш, бузиб олинган нотурар жой биноларининг компенсация тўловларини маҳаллий бюджет ҳисобидан тўлаб бериш ҳақида 1286-сонли қарори қабул қилинган.

Баҳоловчи корхона томонидан Абдуллаев Қурбоналига тегишли бўлган савдо дўкони 36.560.000 сўмга, Бобоқулова Рўзихолга тегишли савдо дўкони 18.003.000 сўмга, Исмаилова Нарпашага тегишли савдо дўкони  70.040.000 сўмга, Жўраева Муҳаббатга тегишли савдо дўкони 21.260.000 сўмга Қурбонов Мамадалига тегишли савдо дўкони  29.100.000 сўмга, Жумаев Ғаффорга тегишли савдо дўкони 25.592.000  сўмга, Абдукаримов Сафармаҳмадга тегишли савдо дўкони   27.690.000 сўмга, Исоқулов Содиққа тегишли савдо дўкони   59.640.000 сўмга, Маматқулова Насибага тегишли савдо дўкони   301.710.000 сўмга, Шералиев Ғайратга тегишли савдо дўкони 45.960.000 сўмга, Исоқулов Зиёдуллога тегишли савдо дўкони  103. 466.056 сўмга, Маматқулова Насибага тегишли яна бир савдо дўкони 31.850.000 сўмга баҳоланган.

Манфаатдор шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган савдо дўконлари ва бошқа бинолар бузилган бўлса-да, Термиз туман ҳокимлиги томонидан ушбу дўконларнинг қиймати тўлаб берилмаган.

Ана шундан кейин дўкони бузилган тадбиркорлар учун саргардонлик кунлари бошланди ва бу “Отангга бор, онангга бор” қабилидаги чувалашган кунлар ойларга, ойлар йилларга уланди.

Термиз туман прокурори томонидан юқорида номлари келтирилган тадбиркорлар манфаатини кўзлаб дастлаб Термиз туманлараро судига мурожаат қилинибди. 2016 йилнинг 6 декабрида бўлиб ўтган суд мажлиси даъвогар фойдасига ҳал бўлди. Яъни, жабрланувчиларга белгиланган суммаларни ундириш тўғрисидаги суд қарори 2016 йилнинг 26 декабридан кучга кирган бўлса-да амалда ижро этилмади.

Иш ҳужжатларига кўра, “Қишлоқ қурилиш Инвест” ИКнинг 2016 йил 21 апрелдаги 793/2-сонли маълумотномасида компания томонидан 2015 йилнинг май ва июль ойлари оралиғида  жами 2.034.775. 119 сўм компенсация пуллари Термиз туман ҳокимлигининг АТБ “Агробанк” Термиз тумани филиалида очилган 20204-сонли “Маҳаллий бюджет қарамоғидаги бузилишга тушган турар ва нотурар бино иншоотлари учун” махсус ҳисоб рақамига тўлаб берилган.

Хўш, унда ўша маблағлар қани? “Қишлоқ қурилиш Инвестдан” туман ҳокимлигига ўтказиб берилган маблағ нега “Маҳаллий бюджет қарамоғидаги бузилишга тушган нотурар бино иншоотлари” учун тўлаб берилмади. Тўғрироғи фуқароларнинг қўлига етиб келмади?

Хуллас, кўплаб идоралар остонасига қатнай-қатнай пойабзали емирилган тадбиркорлар ахийри Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилишибди. 2018 йилнинг 7 август куни Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати аввалга суд  қарорларини қувватлаб, компенсация пулларини белгиланган миқдорда ва тартибда Термиз тумани ҳокимлигидан ундириш тўғрисида ажрим чиқарган.

Ҳа, қарор ижросини таъминлашга масъул МИБнинг туман бўлими ходимлари ҳам қараб туришгани йўқ. Улар 2018 йилнинг   14 ноябрь куни бюджет ташкилотининг молиявий мажбурияти бўйича ундирувини қаратиш мақсадида термиз тумани ғазначилик бўлимига хат юборибдилар.

Натижа қандай бўлди дейсизми? Жабрланган тадбиркорлар қатнайдиган ташкилот яна биттага кўпайди. Энди улар туман ҳокимлиги, халқ қабулхонаси, туман МИБ, туман прокуратураси қаторида туман ғазначилик бўлимини ҳам тез-тез “зиёрат қилиб” турибдилар. Компенсация пулидан эса ҳамон дарак йўқ.

Бугун аҳоли ҳаётида учраётган муаммоларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш учун ҳудудлар секторларга бўлинди.  Масъул раҳбарлар ўзларига бириктирилган жойларда уйма-уй юриб, камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиши бегилаб қўйилди. Аммо масъул раҳбарларнинг ўзи юқоридагидек муаммоларни келтириб чиқарса-чи? Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини амалда ким ҳимоя қилиши керак?

Биз ўрганишлар натижасинигина баён этдик. Хулоса чиқариш ўқувчидан. Ваколатли идоралар компенсация пулларини қонун доирасида, энг аввало инсонийлик, адолат талабидан келиб чиқиб, жабрланувчиларга ундириб берадилар деган умиддамиз. Ва бу ортиқ узоқ фурсатларга чўзилмаслигини истардик.