ЖАМИЯТ

Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимлари маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан яқиндан таништирилди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори 5-бандининг биринчи хатбошисида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништирилишини таъминлаш белгиланган.

Мазкур қарор асосида 2022 йил 20 апрель куни видеоконференцалоқа режимида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди маъмурий биносида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига оид маъмурий ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти билан таништириш мақсадида биринчи семинар-трейнинги ўтказилди.

Ушбу семинарда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раислари, судьялари, туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари, юридик хизмат ходимлари ўзларининг вилоятидаги студиялардан иштирок этишди.

Семинарни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари Алишер Абдухалимович Жалилов очиб бериб, маърузачилар томонидан давлат органлари билан муносабатларда маъмурий суд амалиётида қонунларни қўллаш борасида шаклланган тажриба, шунингдек суд амалиётидаги баъзи бир муаммолар ва унинг ечими билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар билдирилиши кераклиги хусусида тўхталиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори ўринбосари Дилшод Исроилов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январьдаги 107-сонли “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда мақсадида мазкур тадбир ташкил этилгани ва сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлашда маъмурий судларнинг ролини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳатларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, маърузачилар Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Маҳмуд Уразбаевич Эшимбетов, Судьялар олий мактабининг Маъмурий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Дилмурод Артиков, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедовлар маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда тутган ўрни, ҳокимларнинг ерларни қайтариш, ер ажратиш ва ер муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа масаллардаги қарорларини бекор бўлиши сабабларини амалий мисоллар билан ёритиб бериб, ушбу тоифадаги маъмурий низоларни кўриб чиқиш жараёнидаги муҳим масалалар юзасидан маърузалар қилишди.

Семинар иштирокчилари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда, қонунлар ҳамда қонун ости ҳужжатларини амалиётида қўллаш борасида  ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Боходир Эргашев

Сурхондарё вилоят суди судяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan