ДУНЁ

Россия Европага газ етқазиб беришни тўхтатди

Бугун Россиянинг «Газпром» компанияси Польша ва Болгарияга энергия ресурсларини етказиб беришни тўхтатганидан сўнг Европада газ нархи ошди.

Москва Варшавани Польша нефть ва газ компанияси (PGNiG) энергия учун рублда тўлашдан бош тортганидан кейин чоршанба кунидан бошлаб Россия газининг Полшага етказиб берилиши тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирди. Етказиб беришни тўхтатиш тўғрисидаги қарор Польша расмийларининг Россиянинг 50 нафар юридик ва жисмоний шахсларига, жумладан, Россиянинг энг йирик газ компанияси «Газпром»га нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисидаги баёнотни эълон қилганидан кейин қабул қилинди.

Польшага газ Ямал-Европа қувури орқали етказилади. 1999 йилда жорий этилган ушбу қувур Украинани четлаб ўтиб, Сибир конларини Европадаги истеъмолчилар билан боғлайдиган қўшимча экспорт йўлаги ҳисобланган.

PGNiG жорий йилнинг биринчи чорагида барча импорт қилинган газнинг 53 фоизини Россия компаниясидан сотиб олган. Варшавада газ етказиб берилишининг тўхтатилиши шартномани бузиш деб баҳоланиб, етказиб беришни тиклаш учун чоралар кўрилиши айтилмоқда.

27 апрелдан «Газпром»  Софияга ҳам газ етказиб беришни тўхтатади. Бу ҳақда Болгария энергетика вазирлиги ўз сайтида хабар берди. «Булгаргаз» сешанба куни бу ҳақида тегишли хабарномани олган.

«Газпром» ўтган ой эълон қилинган янги қоидаларга кўра, Россия томонидан дўстона бўлмаган давлатлар газ учун тўловни рублда тўлашини талаб қиладиган йўлни оқламоқда. Болгария ва Польша расмийлари эса бундай қилмоқчи эмасликларини маълум қилишди.

Ушбу янгиликлар фонида Европада газнинг улгуржи нархи тахминан 20% га ошди. Шу муносабат билан Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен махсус баёнот билан чиқди: «Биз бундай сценарийга тайёрмиз ва барча Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан яқин алоқадамиз. Шунингдек, биз Европа Иттифоқи бўйлаб муқобил таъминот ва энг яхши газ сақлаш шароитларини таъминлаш устида ишламоқдамиз», – деди ЕК раҳбари.

Европа комиссияси президенти Европада энергия таъминоти хавфсизлигини таъминлаш учун муқобил оқимлар кўриб чиқилаётганини маълум қилди. «Ҳозир газ бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Биз Европа Иттифоқининг мувофиқлаштирилган жавобини ишлаб чиқмоқдамиз. Шунингдек, муқобил оқимларни таъминлаш ва Европада энергия таъминоти хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорлар билан ишлашда давом этамиз», — деди Урсула фон дер Ляйен.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan