ЖАМИЯТ

3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1991 йилнинг 3 майида Намибиянинг Виндхук шаҳрида матбуот эркинлигига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда Африка давлатлари газета-журнал муҳаррирлари дунё ҳукуматларини ОАВ эркинлигини таъминлашга, журналистларнинг ҳақиқатни юзага чиқариш йўлидаги чиқишларига тоқатли бўлишга даъват этишди.

Учрашув сўнггида матбуот эркинлиги тўғрисида Декларация имзоланди. Орадан икки йил ўтгач, 3 май БМТ томонидан Жаҳон матбуот эркинлиги куни, деб эълон қилинди. Шу-шу «қора қитъа»дан бошланган хайрли тадбир дунё миқёсидаги халқаро байрамга айланди. Мана неча йиллардирки, 3 май бутун жаҳонда матбуот эркинлиги куни сифатида нишонланади.

Матбуот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, бутун дунёда матбуот эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, ОАВ эркинлиги, мустақиллигига қилинаётган тажоввузларнинг олдини олиш, ОАВни ҳимоя этиш, ўзининг касбий бурчини бажараётган чоғида ҳаётдан кўз юмган журналистларни ёдга олиш мазкур кун жорий этилишининг асосий мақсадларидан биридир.