
Ангор туманида фаолият юритиб келган тадбиркорнинг кўчмас мулки савдо бино иншоотлари туман ҳокимиятининг келишув битимига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиш ва кўчмас мулк қийматини бозор баҳосида тўлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда бузиш ишлари амалга оширилган.
Бироқ, ушбу мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2023 йил сентябрь ойидаги ижро варақасига асосан бузилган бино учун туман ҳокимияти ҳисобидан тадбиркор фойдасига жами 1 миллиард 57 миллион сўм компенсация ундириш белгиланди.
Мазкур суднинг ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилди.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддаларига асосан ижро ҳужжати бўйича қарздор туман ҳокимлигига талабнома юборилиб, ҳисоб рақамларига инкассо талабномалари қўйилди.
Шундан сўнг, туман ҳокимлиги ҳисобидан мазкур ижро ҳужжати бўйича тадбиркор фойдасига белгиланган компенсация пули тўлиқ тўлаб берилди ва ижро ҳужжатлари белгиланган тартибда иш юритувдан тугатилди.
Мажбурий ижро бюроси
Сурхондарё вилояти бошқармаси