ДУНЁ

Испанияда жиноятчилик кескин камайди

Испания ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, коронавирус  туфайли март ойида амалга киритилган юқори шайлик тартиби даврида жиноятчилик кўрсатгичи мамлакат миқёсида 70 фоизга пасайган. “РИА Новости”нинг хабар беришича, ҳуқуқбузарликлар камайиши бўйича пойтахт Мадрид биринчи ўринда турибди.

Коронавирусдан энг кўп талофот кўрган мазкур шаҳарда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятчилик кўрсатгичи 84 фоизга пастлаган. Умуман олганда, Испаниядаги аҳолиси 100 мингдан ортиқ шаҳарларда бу кўрсатгич ўртача 79,9 фоизни ташкил этмоқда. Эслатиб ўтамиз, мамлакат вирус туфайли ўлимлар сони бўйича дунёда 4, касаллик юқиши бўйича эса 2-ўринда қайд этиляпти. Эпидемия тарқалгандан ҳозиргача 24 мингдан ортиқ ўлим содир бўлди.

Март ойининг ўрталаридан бошлаб Испанияда ресторанлар, барлар, ўқув муассасалари, кўнгилочар масканлар фаолияти тўхталган. Испанлар фақат дорихонага, дўконга, шифохонага бориш учун ёки иш жойларига етиб олиш мақсадида кўчага чиқишлари мумкин.  Режимни бузганлик учун 601 евро жарима, агар полицияга қаршилик билдирилса 3 ойдан 1 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Испания ҳукумати мамлакатни  карантиндан чиқариш юзасидан тўрт босқичли режа ишлаб чиққан. Унда дастлаб катта бўлмаган муассасаларни, кейин кичикроқ савдо нуқталарини, кафелар, меҳмонхона ва музейларни очиш кўзда тутилган. Хабарларда келтирилишича, коронавирус пандемияси оқибатида Испания ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмида 5,2 фоизга пасайиш кузатилмоқда.