ЖАМИЯТ

Термизда «Халқ банки» амалиёт бўлими ёпилди. 45 нафар ходим ишсиз қолаётганидан шикоят қилмоқда

«Халқ банки» Сурхондарё вилояти филиали Термиз амалиёт бўлими ёпилди. Мазкур бўлимда ишлаб келаётган 45 нафар ходим ишсиз қолмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га шикоят қилган мурожаатчилар муаммосини ўрганган журналист Наргиза Раҳматуллаеванинг ёзишича, амалиёт бўлимининг ёпилишига АТ «Халқ банки» бошқарувининг 2019 йил 24 июлдаги қарори асос қилиб олинган.

Фото: «Дарё»

— Йигирма йилдан буён шу банкда ишлаб келаётгандим. Шу вақтга қадар Термиз амалиёт бўлими даромад билан чиққан. Фаолиятимиз даврида яхши ишлаганмиз, — дейди Гулчеҳра Усанова. — 4 нафар вояга етмаган фарзандим бор. Айни пайтда уй-жойим йўқ. Ижарада турамиз. Яқинда банкдан уй-жой олиш мақсадида кредит олгандим. Турмуш ўртоғимнинг тайинли иши йўқ, оилада фақат ўзим ишлайман. Энди фарзандларни қандай боқамиз?

Мурожаатчиларнинг айтишича, Термиз амалиёт бўлими ёпилиб, янги амалиёт бўлими ташкил этилган. Аммо эски ходимлар бўшатилиб, бошқа ходимлар ишга олинган.

Дилдора Исмоилова
Фото: «Дарё»

— Янги амалиёт бўлими ташкил қилиб бўлинган, — дейди мурожаатчи Дилдора Исмоилова. — Фақат бизнинг «МФО»имиз билан ишлолмаганлиги сабабли Тошкент вилоят «МФО»си билан ишлаб турганди. Аслида банк қонунчилигида бу мумкин эмас. Шунинг учун бизнинг амалиёт бўлимимизни ёпиб, «МФО»имизни ўша Тошкент «МФО»си билан ишлаётган янги амалиёт бўлимига беришди.

Фото: «Дарё»

Дилдора Исмоилованинг айтишича, 2019 йил АТ «Халқ банки» Сурхондарё вилояти филиали учун 3 қаватли замонавий, мижозларга ҳар томонлама қулай бўлган бино қурилиб, фойдаланишга топширилган. Унинг биринчи қаватида янги ташкил этилган Термиз амалиёт бўлими иш бошлаган.

— Янги ташкил этилган амалиёт бўлимига бизни эмас, бошқа ходимларни ишга олишди, — дейди Дилдора Исмоилова. — 6 нафар фарзандим бор. Катта фарзандим шартнома асосида ўқийди. Энди фарзандларимнинг кейинги тақдири нима бўлади? Нега кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлсак-да, бизга иш бермай, бизнинг ўрнимизга янги ходимларни олишди? Бизнинг айбимиз нима?

— Бизга нисбатан ноҳақлик бўляпти, — дейди Гавҳар Маматқулова. — Нега кўп йиллик иш тажрибасига эга ходимлар туриб янги ходимлар ишга олинмоқда? Бизга уларнинг қандай хусумати бор? Айни пайтда эълон берилиб янги ходимларни ишга олишмоқда. Нега бизни эмас? Биз энди Россияга ишга кетамизми?

Мурожаатчиларнинг айтишича тугатилаётган амалиёт бўлими даромад билан ишлаб келган.

Фото: «Дарё»

— 200 миллион сўм даромаддамиз, — дейди ишдан бўшатилаётган ходимлар. — Нима учун даромадда турган филиал ёпилмоқда? «Халқ банки» вилоят бошқаруви раиси А.Холмоновнинг айтишича, «Термиз шаҳрида 2 та филиал ишлатиш мумкин эмас экан.

Таъкидлаш жоизки, Акциядорлик тижорат «Халқ банки» Сурхондарё вилояти филиали Термиз амалиёт бўлими тугатилганлиги сабабли банк ходимларига меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинаётгани тўғрисида огоҳлантириш хати берилган.Унда меҳнат шартномаси 2020 йил 17 январь кунидан бошлаб икки ой муддат ўтганидан сўнг бекор қилиниши, келгусида ходимни иш билан таъминлаш имконияти йўқлиги маълум қилинган.

Журналист Наргиза Раҳматуллаева билан телефон орқали мулоқот қилган «Халқ банки» вилоят бошқаруви раиси Анвар Холмонов мазкур ҳолатни тегишли тартибда кўриб чиқамиз дейиш билан чекланди. Қай тартибда кўриб чиқилади? Бўшатилаётган ходимлар тақдири не кечади? Бу ҳақда маълумот бермади.