Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабни бузиш, яъни вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлигига, хавфсизлигига ёки ахлоқ одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Конституциямизнинг 44-моддасида “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”,-деган қатъий норма билан мустаҳкамланган.
Дарҳақиқат,
пахта далаларида ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида умуман, бошқа соҳаларда ҳам
болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса уларни жалб қилишнинг олдини олиш ва
унга қарши курашиш бўйича тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда
болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топди.
2 миллионга яқин болалар мажбурий меҳнатдан озод қилинди.
Шу боис бу борадаги давлат сиёсати конституция даражасида мустаҳкамланди.
Айни пайтда, ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди.
Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасининг бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
АНВАР АБДУЛАКИМОВ,Термиз туманлараро маъмурий суди раиси