ЖАМИЯТ

СУД ҚАРОРЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИ, АСОСЛИЛИГИ ВА АДОЛАТЛИЛИГИНИ ТЕКШИРИШ ИНСТИТУТИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 27 сентябрида “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни имзоланди.

Мазкур қонун билан фуқаролар учун қатор имкониятлар ва енгилликлар жорий этилиши белгиланди.

Юқоридаги Қонунни мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида Сурхондарё вилоят прокуратурасида ўқув-семинари ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов вилоят судьялари, прокурорлар, терговчи ва адвокатларга янги қонун билан суд ҳукмлари, ажримлар, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари такомиллаштирилганлиги юзасидан маълумотлар бериб, қонуннинг мазмун-моҳиятига батафсил тўхталиб ўтилди. 

Жумладан, судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда. Эндиликда тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят (протест) келтирилиши мумкин бўлиб, тарафларнинг суд қарорлари устидан шикоят (протест) келтириш ҳуқуқи орқали одил судловга эришиш имкониятлари кенгаймоқда.

Шунингдек, апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят (протест) бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда.

Янги қонун суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиришга ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда тарафларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Айтиш жоизки, ушбу ўзгаришлар 2024 йил 1 январидан кучга кириши муносабати билан қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли, шу жумладан, жиноят иши бўйича айбланувчи ва судланувчилар ўртасида тушунтириш алоҳида аҳамият касб этади.

АСҚАР ҚУДРАТОВ,Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan