СИЁСАТ

Имомали Раҳмон амалдорларга камида иккита чет тилини ўрганишни буюрди

Кеча, 12 февраль куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон республиканинг барча вилоятлари судьяларини лавозимидан озод қилиш ва тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади ҳамда янги кадрлар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Тожикистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди

Имомали Раҳмон йиғилишда касбий маҳоратни ошириш, миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларини ўзлаштириш, тилни билиш каби масалаларга эътибор қаратди.

Шу билан бирга, Президент ҳар бир давлат хизматчиси давлат тилини юқори савияда, камида иккита чет тилини бир хил даражада билиши шартлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан адлия тизими ходимларига ва барча давлат хизматчиларига чет тилларини чуқур ўрганиш учун бир йил муддат бериш, ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда уларга нисбатан зарур чоралар кўриш топширилди.

Шунингдек, жиноят ишларини ўз вақтида кўриб чиқиш, аҳолининг ариза ва шикоятларига тегишли эътибор қаратиш, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан қатъий топшириқлар берилган.

“Виждонли ва ҳалол, хушмуомала бўлинг, чунки жамиятда инсон халққа холис хизмат қилиш орқалигина иззат ва ҳурматга эриша олади”, деган Тожикистон Президенти.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan