АДАБИЁТ

Келин фарзанди билан уйга киритиб қўйилди

Даъвогар  К.Т жавобгар Б.Д ва Д.Ага (исм шарифи ва жой номлари ўзгартирилган) нисбатан бир нафар фарзанди билан уй-жойга мажбурий тартибда киритиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этган бўлиб, унда жавобгар Б.Д билан 13.11.2021 йилда қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қуришганлигини, биргаликдаги  турмушларидан ўрталарида бир нафар фарзанди борлигини, Жарқўрғон тумани, Сурхон соҳили МФЙда жойлашган 15-уйга келин бўлиб тушганлигини, оилавий келишмовчилик сабаблар сабаб ҳозирги кунда алоҳида яшаб келаётганлигини, 2022 йил май ойида оилавий жанжал сабаб ҳомиласи тушиш хавфи билан ота-онасини уйига даволаниш учун келганлигини, отасининг уйида даволаниб, ўғил фарзандли бўлганлигини, ҳомиладорликда ота уйида бўлганида қайнонаси  бир неча бор телефон қилиб “уйга қайтиб келсанг киритмайман” деб қўрқитганлигини, соғлиғи яхши бўлмаганлиги,фарзанди ёш бўлганлиги  ва қайнонасидан қўрққанлиги сабабли келинлик уйига боролмаганлигини, турмуш ўртоғи Б.Д.унинг ёнига келиб, фарзандидан хабарлашиб турганлигини, алоҳида уй-жой қилиб беришни ваъда қилганлигини шу сабабли уйга киритишни сўраб ҳеч қаерга мурожаат қилмаганлигини, ҳозирда отасининг уйида яшаётганлигини, бир нафар фарзанди билан борадиган уй-жойи йўқлигини, жавобгар Б.Д. билан бир оила бўлиб яшаб фарзандини вояга етказиш ниятида эканлигини, фарзанди учун ҳамма қийинчиликларга бардош беришга тайёрлигини билдириб, даъвони қаноатлантиришни сўраган.

          Мазкур даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик судда  кўрилиб,  даъво талаби қаноатлантирилди.

        Аниқланишича, низоли Жарқўрғон тумани Сурхон соҳили МФЙда жойлашган 15-уй жавобгар Д.А номига 11.02.2017 йилда Жарқўрғон тумани ҳокимининг 156-сонли қарори бўйича унинг номига эгалик ҳуқуқи белгиланган ва СU0011101-сонли гувоҳнома асосида мулк давлат рўйхатидан ўтказилган ҳамда кадастр йиғмажилди тузилган.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси “манзил” тизими томонидан берилган маълумотномага кўра, унинг номидаги турар жойда турмуш ўртоғи С.А,  ўғли Б.Д ва қизи  Б.Ш.лар доимий рўйхатда туришади.

Сурхон соҳили МФЙнинг 15.01.2023 йилдаги маълумотномасига асосан даъвогар К.Т қайнотаси Д.А.га тегишли бўлган Сурхон соҳили МФЙда жойлашган 15-уйга келин бўлиб тушганлиги қайд этилган.

Даъвогар К.Т ва жавобгар Б.Д билан 13.11.2020 йилда Жарқўрғон туман ФХДЁ бўлимида 1146-сонли далолатнома ёзувига асосан қайд этилган қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қуришган.Қонуний никохлари бекор қилинмаган.

Даъвогар К.Т ва жавобгар Б.Днинг биргаликдаги турмушидан ўрталарида бир нафар 05.12.2022 йилда туғилган Бердиназарова Дунё Шерзод қизи исмли фарзанди бор.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой Кодексининг 32-моддасида уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар, улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин, бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади деб кўрсатилган.

           Даъвогар К.Т.қайнотасига тегишли бўлган Сурхон соҳили МФЙда жойлашган 15-уйга келин бўлиб тушган ва 2022 йил май ойига қадар низоли уйда яшаган.

         Унинг мазкур низоли уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи вужудга келган. Даъвогарни уйга кўчириб киритиш даврида бошқача ҳол ёзма равишда қайд этилмаган.

           Даъвогар оиласида оилавий келишмовчилик юзага келганлиги ва ҳомиладор бўлганлиги сабабли ҳомиласи тушиши хавфи борлиги учун даволанишга отасининг уйига кетиб низоли уйга қайтиб келмаган.

Ҳозирда даъвогар К.Т вояга етмаган фарзанди билан ота-онасининг уйида яшаб келмоқда, уларнинг яшаши учун бошқа бошпанаси мавжуд эмас.

Даъвогарнинг судда берган тушунтиришидан маълум бўлишича, дастлаб унинг соғлиғи яхши бўлмаганлиги, кейинчалик эса фарзанди ёш бўлганлиги ва фарзанд тарбияси билан машғул бўлганлиги, бундан ташқари қайнонаси унга бир неча бор телефон қилиб, уйга киритмасликни айтиб қўрқитганлиги, турмуш ўртоғи эса ундан  ва фарзандидан доимий равишда хабарлашиб турганлиги ва уларга алоҳида уй-жой қилиб беришни ваъда қилганлиги сабабли низоли уйга киритишни сўраб ҳеч қаерга мурожаат қилмаган.

Даъвогар К.Т. Жарқўрғон тумани, Сурхон соҳили МФЙда жойлашган 15-уйга келин бўлиб тушганлиги, жавобгарнинг оила-аъзоси бўлганлиги сабабли ҳамда жавобгар Б.Д.нинг қонуний никоҳдаги турмуш ўртоғи бўлганлиги сабабли низоли бўлган уй-жойдан бир нафар фарзанди билан фойдаланишга ҳақли ҳисобланади.  

Шу сабабли суд, даъвогар К.Т.ни бир нафар вояга етмаган фарзанди билан Жарқўрғон тумани, Сурхон соҳили МФЙда жойлашган 15-уйга  барча асосий ва ёрдамчи бинолардан ва коммунал хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан мажбурий тартибда киритиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси, Нилуфар Тўраева

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan