ДУНЁ

Кореянинг “Hanshin Engineering & Construction” компанияси Фарғонада янги шаҳарча қуради

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Кореянинг “Hanshin Engineering & Construction” компанияси бошқаруви раиси Чхве Ён Сон бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Корея компанияси томонидан Қўқон шаҳрида амалга оширишга киришилаётган “Hanshin Park City” шаҳарчасини барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг жорий йил март ойида Кореяга амалий ташрифи доирасида Қўқон шаҳрида “Hanshin Park City” шаҳарчасини барпо этиш бўйича қиймати 250 миллион долларлик инвестицион келишув имзоланган эди. Келишувга кўра, Корея компанияси Қўқон шаҳрида 9, 12 ва 16 қаватли 5 минг 122 хонадондан иборат 127 та кўп қаватли турар-жой биноси, таунхауслар, марказий парк, мактаб, болалар боғчаси ва бошқа зарур ижтимоий объектлардан иборат “Hanshin Park City” шаҳарчасини барпо этади. Турар-жойларнинг подвал қисмидан 5000 дан зиёд автомобиллар учун ерости автотураргоҳлари ўрин олади. 3 йиллик режа асосида амалга ошириладиган лойиҳанинг илк пилот босқичида жами 206 та хонадондан иборат 6 та 9 қаватли турар-жой биноси қад ростлайди.

Учрашувда ушбу шаҳарча қурилиши ишларига тайёргарлик жараёнлари юзасидан фикр алмашилди. Сенат қарори билан Қўқон шаҳри ер майдони кенгайтирилиши натижасида шаҳар бош режасига киритилаётган ўзгаришлар тасдиқланиши билан лойиҳани амалга оширишга киришилиши белгиланди. “Hanshin Engineering & Construction” компанияси раҳбари лойиҳанинг тамал тоши қўйилиши маросимида ҳам иштирок этишини маълум қилди.

Мулоқот чоғида Чхве Ён Сон Ўзбекистонга беш йил аввал илк бора келганини қайд этиб, сўнгги беш йилда амалга оширилган ўзгаришлар ва бунёдкорликлар яққол кўзга ташланганини таъкидлади. У Корея ишбилармон доиралари ўртасида Ўзбекистонга қизиқиш янада ортаётганини эътироф этди.

“Hanshin Engineering & Construction” компанияси вакиллари ташриф давомида вилоятда логистика, туризм ҳамда кўчмас мулк соҳаларига ҳам инвестиция киритиш имкониятларини ўрганишни режалаштирмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan