ЖАМИЯТ

Давлат хизматлари ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлигига қўшилди

Мазкур агентликнинг ҳудудий тузилмалари эса ҳудудий адлия органларига қўшилди. Президент тегишли фармонга имзо қўйди.

“Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги бевосита Адлия вазирлигига, уларнинг ҳудудий тузилмалари эса ҳудудий адлия органларига қўшилди. Ҳудудлардаги Давлат хизматлари бошқармалари ҳамда Интеллектуал мулк марказлари ҳудудий адлия бошқармалари таркибига ўтказилди. Натижада бошқарув ходимлари сони 110 тага яъни 2,2 фоизга (биргина марказий аппарат 10 фоизга, яъни 356 тадан 320 тага) қисқартирилди. Тумандаги давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари ва юридик хизмат кўрсатиш марказлари туман адлия бўлимлари билан бирлаштирилиб битта бинода фаолият юритувчи ягона Адлия бўлимларига айлантирилди, унинг таркибида интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш бўйича алоҳида масъуллар фаолият юритади.Шунингдек, вазирлик тизимидаги бир-бирини такрорловчи вазифа ва функциялар қайта кўриб чиқилиб, қисқартирилди. Фармонда белгиланишича, “е-shartnoma” тизими ягона электрон портали яратилади, бу тизим орқали тадбиркорлар онлайн равишда турли шартнома намуналарини бепул олиши мумкин бўлади ҳамда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти вужудга келади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan