
Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан тадбиркорлик субъектларини солиқ қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлардан хабардор қилиш, фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларга амалий ечим топишга кўмаклашиш мақсадида манзилли учрашувлар ўтказилмоқда.
Бу галги учрашув Жарқўрғон туманида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан бўлиб ўтди. Бугунги кунда туманда 2664 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг аксарияти кичик ва ўрта тадбиркорлардир. Учрашув давомида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Ядгаров кичик ва ўрта тоифадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган солиқ имтиёзлари ва енгилликлар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидландики, 2025 йил 1 майдан ўз фаолиятини ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субектларига – 1 йил давомида ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) 7 кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун қўшимча талаблар ва мажбуриятларни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий эълон қилинади. Кичик тадбиркорлик субъектлари биринчи фаолият йили давомида илк бор содир этган савдо ва тадбиркорлик соҳаларига оид маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Тадбир давомида тадбиркорларнинг солиқ ставкалари, солиқ имтиёзлари ва солиқ мажбуриятларини бажариш тартиблари билан боғлиқ саволлари юзасидан тушунтириш берилиб, умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш, декларация, солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳамда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш каби мурожаатларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.