
Жорий йил 1 октябрдан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши юз минглаб ёшларни даромад манбаисиз ва ишсиз қолдириши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ демократик партияси (ЎзХДП) баёнотида сўз боради.
Бир неча кун олдин Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги мопед ва скутер ҳайдовчилари жорий йил 1 октябрга қадар ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши, мазкур турдаги транспорт воситалари эса давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим экани, ушбу талабни бажармаганларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилишидан огоҳлантирган эди.
Аввал хабар берганимиздек, ижтимоий тармоқ фаоллари бир неча омилларга кўра мопед ва скутерни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақами олиш талабини танқидий баҳоламоқда.
ЎзХДП ҳам ҳукуматнинг бу қарорига эътироз билдирган.
“Айрим маълумотларга кўра, ҳозир 130 минг нафарга яқин ёшлар курьерлик хизмати билан банд. Бу фақат велосипед, мопед ва скутерлар орқали хизмат кўрсатаётган фуқаролардир. Камбағалликни қисқартириш, битта барқарор иш ўрни яратиш учун кўплаб чоралар кўрилаётган ҳозирги муҳим даврда ўзини ўзи банд қилган, халқимизга хизмат қилаётган юртдошларимиздан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинаётган вақт, албатта, қисқа ҳисобланади. Тўғри, бу борада ҳукумат томонидан муддатлар узайтирилган, бироқ талабгорларнинг жуда ҳам кўп бўлган миқдорини инобатга олиб, бу даврда ҳужжат талаб қилиш мақсадга мувофиқлигини яна бир бор ўйлаб кўриш лозим. Боиси, мазкур соҳада хизмат қилаётган кўплаб фуқаролар боқимандалик кайфиятига берилмасдан, кимдандир ёрдам кутмасдан, даромад топишга, молиявий муаммоларини ўзи ҳал қилишга интилмоқда”, – дейилади баёнотда.
ХДПга кўра, “Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли курашаётган, ўзини ўзи банд қилганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган мамлакат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётган бир даврда асл мақсади оиласига, жамиятга хизмат қилиш бўлган ҳамюртларимизни мураккаб вазиятга туширишдан йироқ бўлиш” лозим.
“Шу боис жорий йилнинг 1 октябридан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши муддатини кейинги йилга қолдирган ҳолда, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақамини олиш учун муддатлар ва тўловлар миқдорини қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Ижтимоий-иқтисодий аҳамияти жуда юқори бўлган масала бўйича давлатимиз сиёсатига муносиб ечим топилишини сўраймиз ва бу борада тегишли тартибда депутатлик сўровини киритамиз”, – дейилади партия расмий муносабатида.
Маълумот ўрнида: мопед ва скутер ҳайдовчиларининг “А” тоифадаги гувоҳнома олиши талаби 2025 йил 1 мартдан жорий этилиши режалаштирилган, кейинроқ ҳукумат қарори билан мазкур муддат 1 октябрга қадар узайтирилган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида 2025 йил 30 сентябрга қадар амал қиладиган вақтинчалик низом тасдиқланган.
Ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама этилаётган ва эътирозга сабаб бўлган талаб борасида ҳозирча Вазирлар Маҳкамаси ҳам, Ички ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдирганича йўқ.