ДУНЁ ЖАМИЯТ

Қувайт газетасида Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этилди

Қувайтнинг “The Times Kuwait” газетасида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раҳбари Танзила Норбоеванинг мамлакатимизда меҳнат муносабатлари ривожига бағишланган мақоласи чоп этилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, меҳнат муносабатлари ва меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт сифатини юқори даражага кўтариш ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳар томонлама мос келиши мақоланинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Шунингдек, материалда “Халқ давлат идораси учун эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак” ва “Жамият ислоҳотлар ташаббускори” тамойиллари ҳам очиб берилган.

– Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли инсон ҳуқуқ ва кафолатини таъминлаш, мажбурий меҳнатга, жумладан, болалар меҳнатига барҳам бериш борасида аниқ натижаларга эришиш мумкинлиги исботланди, – деб ёзади Т.Норбоева. – Меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар аллақачон жаҳон ҳамжамияти нигоҳини жалб этди. Масалан, “Cotton Campaign” халқаро коалициясининг Ўзбекистонга қарши “пахта бойкоти” бекор қилинди.

Сенат раиси 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда тизимли равишда болалар меҳнатига барҳам берила бошлангани, 2021 йилга келиб мамлакат АҚШнинг одам савдоси бўйича ҳисоботида ўрнини яхшилаб, иккинчи тоифага эга бўлганини алоҳида қайд этган. 2019-2021 йилларда айни йўналишда миллий миқёсда 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилотининг қатор конвенция ва баённомалари ратификация қилинган.

Муаллиф рнспубликамизда Халқаро меҳнат ташкилоти кўмагида Бандлик стратегияси ишлаб чиқилаётгани ҳақида ҳам маълумот берган. Ўзбекистон меҳнат бозорида демография юки юқори давлат экани таъкидланган. “Айни пайт меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 20 миллионга яқин, бандлиги таъминланган фуқаролар 15 миллион, ишга муҳтожлар сони 1,5 миллионни ташкил қилади”, дейилади мақолада.

2021-2025 йилларга мўлжалланган муносиб меҳнатни таъминлаш бўйича мамлакат дастури имзолангани, Ўзбекистон БМТ тизими ислоҳоти янги талабларини ҳисобга олган ҳолда давлат дастурини биринчилардан бўлиб ишлаб чиққанига алоҳида эътибор қаратилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan