ЖАМИЯТ

Она тилимиз ҳукумат аралашувига муҳтож

     Дарҳақиқат, бугун давлат тили ҳукумат аралашувига муҳтож. Негаки, айнан давлат идораларида ҳали-ҳамон рус тилида иш юритилади. Табиийки, бу ҳол маънавий жиҳатдан тугал озод бўлолмаётганимизни кўрсатади. Зеро, тил миллий давлатчиликнинг асосий унсури бўлиб қолмай, халқнинг, миллатнинг ўзига бўлган ҳурмати миқдорини ҳам ифода этади. Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз Алихонтўра Соғунийнинг қуйидаги фикри эътиборга молик: “Арабча, форсийчаларни ёзиш-сўзлашгина эмас, балки, бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, ўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламай, инсоний туйғуларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўлади”. Бу ҳаётда ўз тасдиғини топган ҳақиқатдир. Шу боис миллий манфаатлари тўкис таъминланган, деб айтилувчи АҚШда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, йирик сиёсатшунос Патрик Бюкенен Америка инқирози ҳақида гапириб, бир ўринда шундай дейди: “…Мамлакат мактабларида фақат инглиз тилида дарслар боришини талаб қилишимиз шарт. Чунки икки тиллилик, маълум маънода бир давлат ҳудудида икки маданият, ҳатто икки мамлакат борлигини англатади…”

Биз дунё тилларини билиш, ўрганиш яхши фазилат эканини қайд этган ҳолда, она тили ҳар бир миллат учун улуғ ва мўътабар эканини таъкидламоқчимиз. Демак, ҳар бир инсон унинг софлигини асраш ва янада бойитиш учун курашмоғи лозим.

ХIХ асрда Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарини рус тилига таржима қилган академик Скобелев унга ёзган сўзбошисида рисоланинг Петербург матни нисбатан аслига яқин эканини таъкидлайди. Европадаги учта кутубхонада сақланаётган қўлёзмалар эса форс ва араб сўзлари билан “бойитилган”ини айтади. Ҳолбуки, Баҳодирхон, дейди академик, бу китоб ҳаммага тушунарли бўлиши учун жуда содда ва халқчил тилда ёздим, деб изоҳ берган…

Бундай ҳол хаттотлар “ўйини” бўлиб, у ғараз билан қилинганини англаш қийин эмас, албатта. Мана шундай йўл билан ўтган аср давомида тилимизга қанчадан-қанча сўз ва атама кириб келиши, ўйламай-нетмай уни истифода этиб юборишимиз масала қай даражада жиддий эканини кўрсатади. Энг ёмони, мазмуни мавҳум ясама сўз ва атамалар ҳақиқий туркий сўз, атама ва ибораларни муомаладан ситиб чиқармоқда. Масалан, пойқадаминг ёқди, дейишади. Нима дегани, бу? Оёқ-қадаминг ёқди, демоқчими? Қадаминг қутлуғ экан, деса бўлмайдими?

Ҳафта кунларининг номланишини олиб кўринг… Нима туркий халқлар шунча қадимий бўлган ҳолда ўз тақвимини яратмаганми? Кунларни номлаш эсидан чиқиб кетганми? Ёки форсий тил сарой тили, назм ва нафосат тили деб унга сеҳрланиб қолганми?..

Ҳолбуки, дунёдаги энг кўркам ва нафосатли тил ҳазрат Навоий, Шайбонийхон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Рауф Парфининг камалакдек товланувчи жозибали тилидир. Аммо бугун биз қўллаётган тахта — она тилимизда оғоч, пахта — момиқ, ғишт — кирпич, дея аталишини ёшларимиз деярли билмайди. Бундан ташқари, бугун биз ўзга тиллардан “қарз”га олиб ишлатаётган юзлаб сўзларнинг соф ўзбекча бир неча муқобили мавжуд. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар биримиз она тилимиз софлигини сақлашга масъул бўлмоғимиз зарур.

Бир вақтлар ҳукумат қошида атамақўм бўлар эди. Бугун унга эҳтиёж яққол сезилмоқда. Шу маънода, тил билан шуғулланадиган махсус комиссия тузилиб, унинг зиммасига матбуот ва бошқарувда ишлатилаётган сўзларни назорат қилиш ҳамда мазкур жабҳалар тилини софлаштириш вазифаси юкланса, ўйлаймизки, мақсадга мувофиқ бўлади. Негаки, тил масаласига барча замонларда ҳам миллатнинг ҳаёт-мамоти сифатида қараб келинган. Навоий бобомиз бутун ҳаётини шу йўлга бағишлаган, бу бежиз эмас, албатта. Бу улуғ зот “Турк назмида чу мен тортиб алам, айладим ул мамлакатни якқалам” деганида айнан ўхшаши йўқ она тилимизга меҳр-муҳаббатини изҳор этганди. Биз ўз тилимизда сўзлашдан истиҳола қиладиган даражага тушиб қолмаслигимиз керак. Шиддатли замон эса бизнинг бу майлимиз билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Тил бобида жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёни жўн ва беозор ҳодиса эмас. Етакчи тилларнинг гегемонлашуви нафақат ўзга тиллар ривожига, балки туб жой аҳолининг таълим, маданият ва маърифат борасидаги ислоҳотларига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Биз бунга гувоҳ бўлиб турибмиз. Ўзбекча талаффуз бузилиб кетаяпти. Теле ва радио бошловчилари ўзбекча талаффуз қоидаларига риоя этмайди. Улар тилимиздаги лутф, самимият ва латофат каби инжа санъат ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Мана, бир неча йилдирки, Санкт-Петербургда “Говорите Правильно” деган лойиҳа ишлаб келади. Бу Москвада ҳам кенг қанот ёйган. Россия Федерациясида нутқ маданияти бўйича Кенгаш ҳам қатъий фаолият кўрсатмоқда. Ўн икки йилдирки, сўкиниш маъносидаги сўзларни ишлатганлар жаримага тортилади. Шундай қонун мавжуд.

Францияда эса, ўттиз йилдирки, миллий тилни асраб-авайлаш бўйича қонун иш кўради. Унга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатса, ким бўлишидан қатъи назар қонун олдида жаримага тортилади. Тартибга кўра, кўчадаги ёрлиқлар миллий тилда ёзилади. Давлат телеканаллари деярли Америка киноларини намойиш этмайди, уларнинг қўшиқларини бермайди…

Бизда-чи?! Телевизорни очинг. Эрталабдан кечгача Голливуд, Болливуд, корейс, хитой филмлари. Нега шундай?..

Афсуски, бунга ҳаммамиз кўникиб кетганмиз. Миллат тўлақонли бўлса, теварак-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни идрок этиш, нотинч ва долғали замонда содир бўлаётган кулфат ва мислсиз фожиалар илдизига бориб етиш, ундан ибратли хулоса чиқариш бобида ҳам уйғунлик ва бир бутунлик ҳукм суради. Умумийлик асосини эса фикримизни баён этувчи она тили ташкил этади. Ҳар бир миллат ўз она тилида ўйлайди, воқеликни мушоҳада этади. Нуқтаи назар шундай шаклланади. Адабиёт ва санъат ҳам, илм-фан ҳам, давлат бошқаруви тизими такомили ҳам, умуман, тараққиёт мазкур умумийлик ва интилиш ҳосиласидир. Шу ўринда “Изоҳли луғат”да “тафаккур” сўзига берилган таърифни эслаш жоиз. Айтишларича, у — “тушунча” ва “ўйлаш”. Наҳот тилимиз шунчалар қашшоқ бўлса? Мана, ҳолимиз-аҳволимиз. Озодликка чиққанимизга 27 йил бўлмоқда. Аммо тилимизнинг илмий-ифодавий қатлами ҳамон шаклланган эмас. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаётгани ачинарли, албатта. Тан олайлик, бугун тилимиз адабиёт ва санъат оламида мавжуд, холос. Бу тилда на фалсафа, на тарих, на журналистика ва на илм-фан яратилгани йўқ.

— Жўғрофий атамалар, мамлакатлар ва ўзга шаҳарлар номини тилга олишда ҳам эски тушунча ҳукмрон, – дейди шоир ва таржимон Фахриддин Низом. – Масалан, Фаластин, Исроил, Сурия каби давлатлар жойлашган Осиё қитъасининг ғарбий қисмини биз ҳам “Яқин Шарқ” деб келамиз. Ёки “Шарқий Европа” ва “Ўрта Шарқ” атамаларини олайлик. Нима учун “Ғарбий Осиё” ёки “Марказий Европа” демаймиз? Назаримизда, булар ахборот тилида қабул қилинган меъёр-эталонга ўхшайди. Аслида, миллий тафаккур шу оддий нарсалардан шаклланмайдими?

ОАВ тилида “яқин хориж”, “узоқ хориж”, “янги хориж” ибораларини қўллаш тўғрими? Иккинчидан, Россия учун Болтиқбўйи жўғрофий жиҳатдан “яқин хориж” бўлиши мумкин. Аммо биз учун “бир тошлик” йўл-ку!

Бу каби масалалар жўн ва оддий туюлиши мумкин, бироқ миллий тафаккур камол топишига тўсқинлик қилади. Миллат миллат бўлса, унинг тили ўз муносабати ва нуқтаи назарини ойдин ифода эта олиши лозим. Биз дунёга ўз кўзимиз, ўз сўзимиз ва ўз фикрлаш тарзимиз билан нигоҳ ташлашимиз керак …

 Ўрол Содиқ