МАДАНИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Юксак ишонч зиммамизга катта масъулият юклайди

Айни кунларда Хива шаҳри “Лазги” халқаро рақс фестивалига мезбонлик қилмоқда. Шу муносабат билан Президентимиз ушбу нуфузли тадбир иштирокчиларига табрик йўллагани санъат байрами шукуҳини, нуфузини янада юксалтириб юборди.

Барча қатнашчилар табрикда айтилган самимий фикрлар, эзгу тилакларни катта мамнуният ва олқишлар билан кутиб олди. 

Албатта биз, соҳа вакиллари бир жиҳатдан чексиз фахрланамизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, янгиланишлар жараёнида ўзбек мумтоз ва фольклор санъатининг ноёб намуналарини, ўзига хос ижро мактаблари, маданий мерос ҳамда миллий қадриятларни асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда.

Ватанимизнинг шундай бебаҳо маданий бойликларидан бири, шубҳасиз, миллий рақс санъатимиздир. Бунда халқимизнинг эзгу орзулари, ўзига хос характери, қадриятлари ва анъаналари мужассам, десак, асло муболаға бўлмайди. Президентимизнинг 2020 йил 4 февралдаги “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ўзбек миллий рақс санъати равнақида мутлақо янги даврни, муҳим босқични бошлаб берди.

Мазкур ҳужжатларда миллий рақснинг турли йўналиш ва намуналарини, юртимизнинг турли минтақаларида шаклланган мумтоз рақс мактабларини қайта тиклаш ва келажак авлодларга безавол етказиш ҳамда бу борадаги таълим-тарбия, тарғибот ишларини кучайтириш, юқори малакали мутахассислар ва кадрлар тайёрлаш каби қатор мақсад ва вазифалар ўз ифодасини топган. Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” рақс ансамблининг қайта ташкил этилгани, Хореография академияси тузилгани, болалар мусиқа ва санъат мактабларида рақс синфалари сони кўпайтирилгани, тўртта вилоятда рақс мактаблари ташкил этилгани ва яна бир қанча эзгу ишлар ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий тасдиғидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 28 сентябрдаги қарори билан эса жорий йилдан бошлаб Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба “Лазги” халқаро рақс фестивалининг ўтказилиши ушбу бетакрор санъатнинг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, рақс санъати орқали халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.

Табрикда “Миллий рақс санъатимиз тарихида алоҳида ўрин эгаллайдиган, таъбир жоиз бўлса, унинг гултожи бўлган “Лазги” рақси ўзининг чуқур ҳаётий фалсафаси, бетакрор ижро усули ва жозибаси билан нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам кенг шуҳрат қозонган”, дея “Лазги” рақси юксак эътироф этилгани алоҳида диққатга сазовордир. Мана шу таърифнинг ўзиёқ фестивалнинг мазмун-моҳиятини, аҳамиятини яққол очиб беради.

Бу эътироф замирида бизга билдирилган катта ишонч ва улкан масъулият борлигини ҳам унутмаслигимиз зарур. Шундай экан, миллий рақсимиз ноёб турларининг тикланиши ва кенг тарғиб қилинишида алоҳида ўрнимиз, муносиб ҳиссамиз бўлиши керак.

Дарҳақиқат, “Лазги” рақси йиллар давомида шаклланди, ривожланди ва мукаммал асар, мажмуа ҳолига келтирилди. Ундаги сержило ва мафтункор, бир-бирини такрорламайдиган жўшқин ҳаракатлар, тилсим тўла фалсафа ҳар қандай томошабинни ўзига ром этади. 2019 йил 12 декабрда ЮНEСКОнинг Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси “Хоразм лазги рақси”ни Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига овоз бермасдан кенг консенсус асосида киритгани ўзбек халқи миллий қадриятларининг яна бир халқаро эътирофи, Янги Ўзбекистоннинг яна бир ютуғи бўлди.

Мухтасар айтганда, миллий рақсимизни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга хизмат қиладиган бундай халқаро фестиваллар юқори савияда ўтказилиши натижасида халқимизнинг қадимий ва бетакрор санъати, маданияти дунё миқёсида янада юқори поғоналарга кўтарилиши  шубҳасиз.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan