
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда банклар фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Регулятор бошқарувининг бу бўйича тегишли қарори 11 октябрь куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ўзгартириш ва қўшимчалар банкларда мижозлар мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш, шунингдек, банклар масъулиятини оширишга қаратилган.
Хусусан, банклар мурожаатлар билан ишлашда ўз ички тартибига эга бўлиши ва уни банк веб-сайтида жойлаштириши керак. Мурожаатларни кўриб чиқиш учун алоҳида махсус тузилмавий бўлинма ташкил этилиб, бу бўлинма ходимлари шикоятларни батафсил ўрганиб чиқиш ҳамда истеъмолчилар билан низоларни ҳал қилишда ваколатларга эга бўлади.
Шу билан бирга, мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича банклар ички назорат тизимини жорий қилишлари зарур. Ички назоратни амалга ошириш доирасида банкнинг ички аудит хизматига вазифалар белгиланади.
Банклар мурожаатларни АКТ ёрдамида рўйхатга олиш, қабул қилиш, тўплаш, таснифлаш ва тизимлаштириш, шунингдек, кўтарилаётган масалалар асосида тизимли камчиликларни аниқлаш ва таҳлил қилишга қаратилган электрон ахборот тизимини жорий этишлари керак бўлади.
Шунингдек, ҳужжат билан мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига асосан маълумотномалар (шарҳлар) тузиш ҳамда улар асосида кўп кўтарилаётган салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишга доир талаб ва қоидалар ўрнатилди.
Банк салл-марказлари банклар томонидан чиқарилган карталарнинг йўқолиши ёки улардан нотўғри фойдаланишга оид сўровларни кечаю кундуз қабул қилишлари шарт. Салл-марказ операторлари сўровлар бўйича карталарни зудлик билан блоклаш учун жавобгардирлар.
Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар 2025 йил 17 январидан кучга киради