“Док-1 Mакс” дорилари сабаб ногирон бўлиб қолган болаларга тиббий ёрдам кўрсатяпмиз” — соғлиқни сақлаш вазири

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” воқеаси сабаб ногирон бўлиб қолган болаларга давлат томонидан тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Асилбек Худаяровнинг айтишича, вазирликда “Док-1 Макс” дориларини истеъмол қилиш оқибатида ногиронга айланган болалар рўйхати бор.
“Док-1 Макс” воқеаси сабаб ногирон бўлиб қолган болалар ҳолидан хабар оляпмиз. Асорати борларига кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатяпмиз. Бу иш бўйича ҳали суриштирув ва тергов жараёнлари давом этмоқда. Вазир вазифасини бажарувчи сифатида айтаманки, баъзи бир касаллик асоратлари бўлади. Улар ногиронликка олиб келгандан кейин органик ёки физиологик бузилишлар бўлади. Физик бузилиш бўлса, тўғрилаш мумкин. Органик бузилиш бўлса, уни фақат асорати билан шуғулланишимиз керак. Рўйхатимиз бор, уларга ёрдам бериляпти”, деди вазир.
Маълумот учун, 2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг “Док-1 Макс” таблетка ва сиропидан жами 70 нафарга яқин боланинг ўлим ҳолати кузатилганди.