ЖАМИЯТ ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО МУЛОҲАЗА СИЁСАТ ЎЗБЕКИСТОН

Байрам арафасида 8 нафар сурхондарёлик жазодан озод этилди

Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Президентимизнинг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 8 нафар сурхондарёлик фуқаро жазони ижро этиш муассасаларидан ўз уйларига, оилалари бағрига қайтди.

Бугун вилоят ҳокими Тўра Боболов афв этилган ана шу сурхондарёликлар билан учрашиб, ижтимоий ҳаётга мослашиб олишлари, оиласи ва ўзи учун фойдали иш билан шуғулланиши, истиқомат қиладиган маҳалла-кўйида муносиб ўрин топишлари учун уларга қандай кўмак зарурлиги ҳақида суҳбатлашди. Муаммоларини ўрганди. Тегишли маслаҳатлар берди.

Суҳбат давомида бу фуқаролар ўз олдиларига аниқ ва эзгу мақсадларни қўйганликлари, халқимизга хос бағрикенглик фазилатини намоён этган Президентимизнинг ишончини оқлаган ҳолда ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиш ниятида эканликларини билдиришди.

– Мен экстремистик гуруҳга адашиб кириб қолиб, озодликдан маҳрум этилган эдим, – дейди афв этилганлардан бири Ўктам Худойқулов. – Бу қилган жиноятимдан етарли хулоса чиқардим ва ўз қилмишимдан қаттиқ пушаймонман. Халқимизга хос юксак бағрикенглик намунасини кўрсатган Президентимиздан миннатдорман. Ватаним, халқим олдидаги айбимни ҳалол меҳнатим билан ювишга ваъда бераман.

Учрашувда афв этилганларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви, иш билан таъминлаш, саломатлигини тиклаш, оилавий шароитини яхшилаш каби масалалар муҳокама этилиб, бу борада масъулларга топшириқлар берилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan