ЎЗБЕКИСТОН

Обод бўлаётган манзиллар

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Сирдарё вилоятида ҳам “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий қилиш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг кўламдаги амалий ишлар олиб борилмоқда.

Дастурга мувофиқ Ховос туманидаги Оқчангал, Гулистон туманидаги Иноқлик, Сайхунобод туманидаги Янги ҳаёт ҳамда Оқолтин туманидаги Мустақиллик маҳаллалари оғир ҳудуд сифатида белгилаб олинган.

Ушбу ҳудудлар аҳолисини ўйлантириб келаётган муаммоларга ўз вақтида ва сифатли ечим топиш мақсадида Президент маслаҳатчиси биринчи ўринбосари Қаҳрамон Сариев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи вакиллари уйма-уй юриб ўрганишлар олиб борди.

Аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида қатор ижобий ишлар қилинди. Жумладан, маҳаллалардаги ижтимоий инфратузилмани яхшилаш борасида 19 километрдан зиёд ички йўлларга асфальт ётқизилади. Айни вақтгача 345 та эски ёғоч электр устунлар янги темир-бетон устунларга алмаштирилди, 7 километрга яқин янги электр сим тармоқлари тортилди, 7 дона янги трансформатор ўрнатилди.

Табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 1 километр газ тармоғи қурилиб, 900 метр қувурлар жорий таъмирланди. Фуқаролар мурожаати асосида ҳудудларга 600 га яқин қўшимча суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. Обод кўча мезони бўйича бугунги кунда ушбу маҳаллалардаги 31 та кўчаларда ободонлаштириш ва тозалаш ишлари олиб борилиб, бунинг учун 550 нафар ишчи ва 75 та техника жалб этилди. Ҳудудлардаги барча қабристонларда ҳам ободонлаштириш, мавжуд дарахтларга шакл бериб, деворларни оқлаш ишлари олиб борилмоқда. Оғир шароитда яшаётган 22 оила хонадони тўлиқ таъмирланиб, ҳовлиси ободонлаштирилиб берилди.

Бундан ташқари, қиш мавсуми олдидан мингдан зиёд хонадонда техника хавфсизлиги талабларига амал қилиниши, иситиш печкалари (кўмир, ўтин ва суюлтирилган газга мослаштирилган печ ва плиталар)ни мавсумга тайёргарлик ҳолати тўлиқ ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида 2 минг нафарга яқин фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада вилоят ва туман соғлиқни сақлаш муассасаларида даволанишга эҳтиёжи бор 69 нафар фуқарога даволаниш учун бепул йўлланма берилди.

Оқолтин тумани Мустақиллик маҳаллаларидаги 16 та кўп қаватли уйларнинг фасад қисми ва кириш йўлаклари таъмирланиб, 8 тасини том қисми алмаштирилмоқда. Шунингдек, мазкур кўп қаватли уйлар олида 5 та янги болалар майдончаси ва 1 та «Workout» майдончаси қуриб берилади.

Ховос тумани Оқчангал ва Гулистон тумани Иноқлик маҳаллалари учун янги бино қурилиб, қолган 2 та маҳалла биноси реконструкция қилинади.

Оқчангал, Иноқлик, Янги ҳаёт ва Мустақиллик маҳаллаларидаги 6 та мактаб, 3 оилавий поликлиника жорий таъмирланади. Ишлар давом этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan