ЎЗБЕКИСТОН

Қизириқлик пахтакорлар зафар маррасини забт этдилар

Қизириқлик пахтакорлар 2023 йил ҳосили учун пахта тайёрлаш режасини ортиғи билан бажариб, куч-ғайрат ва шижоат, миришкорлик ҳамда меҳнатсеварлик фазилатларини намоён қилди.

Астойдил ҳаракат ва тинимсиз меҳнатлар самарасида ерга чигит қадаш мавсумидан бошлаб қилинган яхши ниятлар ижобат бўлди. 7684 гектар майдондан жами 26 663 тоннадан зиёд “оқ олтин” давлат омборларига етказиб берилди.

Тумандаги “Surxon Сotton Textile Cluster” МЧЖ ХК ҳамда 14 та фермер хўжаликлари йил давомида қилинган самарали меҳнат ўз натижасини берди.

Эрта баҳорданоқ тумандаги “Surxon Сotton Textile Cluster” МЧЖ хорижий корхонасига қарашли барча ҳудуд дала контурларига пахтанинг юқори ҳосилли ва эрта пишар чигит навлари экилди. Тўла гектарлар яратилиб, ғўзаларни агротехника талаблари асосида парвариш қилинганлиги, ёқилғи, минерал ўғит, сув таъминоти, иш ҳақи беришда ҳеч қандай муаммоларга йўл қўйилмаганлиги мўл ва сифатли пахта етиштиришда қўл келди.

-Бу йил пахтакорларимиз томонидан 7.286 гектар ер майдонида пахта етиштирилиб, барча агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилди,- дейди “SURXON COTTON TEXTILE CLUSTER» МЧЖ хорижий корхонаси бош директори Муҳаммаджон Мақсудов. – Натижада республикада биринчилар қаторида кўзланган марра забт этилди ва давлатга 26 минг тонна пахта хом ашёсини топширдик. Пахтадан эртачи – сифатли ва мўл-ҳосил етиштириш учун бу йил экин майдонига пахтанинг «Бухоро-10», «Бухоро-8», «СП-1607» навлари ва истиқболли навлар сифатида 600 гектар майдонга «С-8290» навларига ишлов беришни ўз вақтида ҳамда маромида ўтказиб, замонавий фан-техника ютуқлари, илғор тажрибаларни кенг қўлладик. Кластер тасарруфидаги “Истара”, “Зафаробод”, “Учрашув”, “Кунчиқиш”, “Мустақиллик”, “Бўстон”, “Ҳаким Эшонов”, “Буюк Сурхонобод”, “Барака бирдамлик” ҳудуд миришкорлари мавсумда илғорлар қаторида бўлди.

Бу йил теримчиларга дам олиш жойлари, озиқ-овқати ва уларга қулай шароитлар етарлича яратилди. Бу ўринда асосий эътибор ишчи ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда теримчиларга ойлик маошлари ўз вақтида тўлаб борилди ва ҳар бир килограмм терилган пахта учун 2000 сўмдан меҳнат ҳақи тўлаб берилди.

Шунингдек, етиштирилган пахта ҳосилини ўз муддатида нест-нобуд қилмай сифатли йиғиштириб олиш мақсадида туман бўйича 120 та терим отряди шакллантирилди. Теримда тўққиз мингдан зиёд теримчилар, иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли уюшқоқлик кўрсатиб, оилавий даромадларини яхшилаш мақсадида фаол иштирок этдилар.

Жорий йилда пилла ва ғалладан ҳам баракали хирмон яратиб юзи ёруғ бўлган қадрли миришкорлар ва туман аҳлига навбатдаги зафар муборак!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan