Бир неча йиллар илгари бирор ўзбек қиз ёки ўзбек йигити чет элда таҳсил олаётгани ҳақида сўз юритилса, атрофдагилар катта хайрат ила тинглашарди. Бугун эса бу янгилик ҳеч кимни у қадар ажаблантирмай қўйди. Албатта, қизиқмаганидан эмас, балки, ўзбек ёшлари ҳар жабҳада дунё миқёсида катта ютуқларни қўлга киритишаётгани учун. Мамакатимиз томонидан ҳам уларни қўллаб-қувватлаш борасида таълим, спорт, маданият тизимларида чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани таҳсинга лойиқ. Термиз давлат университети талабаси Зарнигор Ҳамроева айни пайтда ана шу имкониятлардан унумли фойдаланяпти. Биз Зарнигор билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб, айни пайтда нималар билан бандлигига қизиқдик.
Гулрух Менглиева: Зарнигор, айни пайтда қайси дастур асосида малака оширяпсиз?
Зарнигор Ҳамроева: Халқаро алоқалар бўлимининг 6 ойлик, яъни бир семестр талабалар алмашинуви дастури бўйича Россиянинг Владимир шаҳридаги Владимир давлат университетида таҳсил оляпман. Бу ерга келишим ҳақида гапирадиган бўлсам, ТерДУга Владимир давлат университети делегацияси ташриф буюрганди, конференция ўтказилди. Гранд ютиш учун талабалардан имтиҳон олинадиган бўлди. Рақиблар жуда кўп эди, суҳбатдан ўта олмадим, дея умидимни узгандим. Аммо юрагимда милтиллаган учқун бор эди. Суҳбатдан ўтганимни эшитганимдаги қувончимни эса тасвирлаб бера олмайман.
Г.М: Қайси тилларни биласиз?
З.Ҳ: Ёшлигимдан рус таълим йўналишида таҳсил олганман. Ҳозирги кунда рус, инглиз тилларини биламан. Бу ерда эса япон тилини ўрганяпман. Япон тилини ўрганиш жуда қизиқ экан, ундаги ҳарфларни ёзишни ўзи бир санъат, Япония давлат сеҳри шу алфавитининг ўзидан бошланади десам адашмайман.
Г.М: Алмашинув жараёнидаги янгиликларга тўхталсангиз.
З.Ҳ: Бу ерга келишимнинг ўзи мен учун янги бир дунё, олам. ТерДУда Педагогика факультетининг “Бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иши” йўналиши бўйича таҳсил оламан. Дарслардан сўнг журналистика соҳасига қизиққаним боис Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясида шартнома асоисда фаолият юритардим. Шунинг учун Владимир университетига келибоқ, имконият изладим ва ҳозирда журналистика соҳасидаги назарий ва амалий билимларимни ошириш мақсадида “ТВ журналистика” факультетида ҳам таҳсил оляпман. Бўш вақт топдим дегунча “Россия1” телеканалида амалиёт ўташ учун ошиқаман.
Бундан ташқари университетимизда халқаро фестивалларда биз Ўзбекистондан ташриф буюрган талабалар миллий кийимларимиз, таомларимиз билан иштирок этиб, урф-одатларимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Турли давлатлардан келган дўстларимиз билан вақтимиз ўтгани умуман сезилмайди. Ватан соғинчини инобатга олмаганда…
Г.М: Келгусидаги режаларингиз?
З.Ҳ: Олдимга қўйган мақсадларим бисёр, орзуларим катта. Ҳозир менга яратилган имкониятларнинг барчасидан унумли фойдаланиб, ота-онам, устозларим ва менга ишонч билдирган инсонларнинг олдига ёруғ юз билан қайтишим шарт. Ва бу ерга келиб япон тилига меҳрим тушиб қолди, бу тилни мукаммал ўрганиш учун гранд ютишим зарур деб ўйлайман. Ҳозирча шуларни амалга оширсам қолган режаларимга секинлик билан эриша оламан менимча.
Г.М: ўқув муассасангиз ва Владимир давлат университети ўртасидаги фарқ?
З.Ҳ: Термиз давлат университети ва Владимир университети ўртасида
сезиларли фарқ топа олмайсиз. Сабаби бизнинг университетимизда яратилган шароитлар, замонавий ўқув жиҳозлари манаман деган ўқув юртларидан зўр. Аммо билим ва кўникма, янгича қараш борасида албатта биздан олдинда эканлигини тан олишимиз керак.
Г.М: Имконият берилса қаерда ишлашни танлаган бўлардингиз ва қанча ойлик сизни қониқтиради?
З.Ҳ: Имкониятлар чет элда ишлаш учун берилса, деган маънода сўраяпсизми? Агар чет элда ишлаш бўлса, ЙЎҚ, деб жавоб бераман. Иш фаолиятимни фақат ўзимизда давом эттиришни хоҳлайман. Ўзимнинг ватанимда! Лекин чет элда амалиёт ўтаб, билим ва кўникмаларни оширишга йўқ демайман.
Ўзимга ёққан, кўнглимдаги касб бўйича фаолият олиб борсам менга ойлик маошининг қанча бўлиши аҳамиятсиз!
Г.М: Айни пайтда талабаларни қийнаётган энг катта муаммо сизнингча?
З.Ҳ : Бу саволга қандай жавоб беришни ҳам билмайман. Мени талаба сифатида ҳеч қандай муаммо қийнамайди. Муаммонинг барчаси талабаларнинг ўзида. Инсон ҳаракат қилса, истаган нарсасига эришади, деб ўйлайман.
Г.М: Тенгдошларингизга тилакларингиз
З.Ҳ : Биринчи галда олдиларига мақсад қўйиб, интилсин, фақат ва фақат билим олишдан чарчамасин. Доимо олға интилиб, берилган имкониятнинг бориданда кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қилишсин деган бўлардим. Ва албатта ўзига бўлган ишончни йўқотмасин.