ХАБАРЛАР

Бухорода беш ишчини канализация қувури оқизиб кетди

Бухоро вилоятининг Бухоро тумани, Боғидашт қишлоғида беш нафар ишчи эҳтиётсизлик оқибатида канализация қувурига оқиб кетди ва ҳалок бўлди. Бу хабарни Бухоро вилояти ИИБ тасдиқлади.

Айтилишича, 4 сентябр куни ишчилар Бухоро шаҳрининг 7-микрорайонида қурилаётган кўп қаватли уйни Боғидашт қишлоғи ҳудудидан ўтувчи марказий канализация қувурига уламоқчи бўлган.

Таъкидланишича, «Файз бинокор Олтиариқ» корхонаси ишчилари Бухоро вилояти Сув ва оқава таъминоти бўйича инжиниринг компаниясидан рухсат олмасдан, канализация қопқоғини очиб, қувурга тушган. Кучли оқим уларни қувур ичига оқизиб кетган.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ
Фото: Бухоро вилояти ИИБ

Ишчилардан уч нафарининг жасади «Зарманоқ» маҳалласидаги оқова сувларни узатиш пункти қувуридан топилган, қолган икки нафари қидирилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan