ДУНЁ

Қирғизистонда бир тоифа университетлар фаолияти чекланди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров тиббий соҳада мутахассислар тайёрлашда давлат монополиясини ўрнатиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Мазкур ҳужжатга асосан, Иса Охунбоев номидаги Қирғизистон давлат тиббиёт академиясига тиббий таълим бўйича алоҳида ҳуқуқ тақдим этилган.

Ушбу ислоҳот мамлакатда тиббий йўналишдаги хусусий олий таълим муассасалари (ОТМ) сони ошиб кетгани ва уларнинг аксарида таълим даражаси паст экани билан изоҳланмоқда.

Қайд этилишича, аксар хусусий олий таълим даргоҳлари клиник базага эга эмас, педагог-ўқитувчилар эса тегишли талабларга тўла жавоб бермайди. Битирувчиларга махсус амалиётсиз диплом бериш ҳолатлари ҳам кўпайган. Оқибатда етарли билимга эга бўлмаган битирувчилар сони ортиб бормоқда. Бу ҳол Қирғизистон таълим тизимининг халқаро майдондаги обрўсига соя солмоқда.

Янги тартибга мувофиқ, 2026 йил 1 июнга қадар барча хусусий тиббий ОТМлари давлат аккредитациясидан ўтиши лозим. Келгусида хусусий ОТМлари Қирғизистон давлат тиббиёт академиясининг филиали ёки бўлинмаси сифатида фаолият юритиши мумкин. Аккредитациядан ўтмаган таълим муассасалари эса тайёрлов курслари ёки академия ҳузуридаги клиник база сифатида ишлаши мумкин бўлади.

Мамлакат ҳукуматига 2026 йилнинг 1 январига қадар эса тиббиёт ва фармацевтика мутахассислиги бўйича ягона давлат стандартини ишлаб чиқиш вазифаси юкланган.

Қирғизистон расмийлари ушбу ўзгаришдан кўзланган мақсад тиббий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, коррупция хатарини камайтириш, миллий соғлиқни сақлаш тизими ҳамда мамлакат халқаро обрўсини муҳофаза этиш эканини таъкидлаган.

ОАВ хабарига кўра, Қирғизистондаги хусусий олий таълим масканларида асосан Жануби-Шарқий Осиё давлатлари вакиллари таҳсил олади.

2020 йилда Покистон Қирғизистоннинг тиббий ОТМларини қора рўйхатга киритганди. Бунга Қирғизистонда ўқиб қайтган 90 фоиз талаба Покистонда ўтказилган имтиҳонлардан йиқилгани сабаб бўлганди.

Аввал хабар берганимиздек, яқинда Қирғизистон махсус хизматлари ўтказган коррупцияга қарши текширувдан сўнг 20 мингдан ортиқ талаба, жумладан, хорижликлар ОТМларидан ҳайдалган.

Маълумотларига кўра, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан келган хорижлик талабалар асосан Ўш ва Бишкек шаҳарларидаги тиббиёт билим юртларида таҳсил олган

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan