
«Юксалиш» ҳаракати ва Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) ҳамкорлигида Ўзбекистонда сунъий интеллект (СИ) соҳасининг ривожланиши ва уни илгари суришга ҳисса қўшаётган етакчи мутахассислар, олимлар ва фаолларнинг илк миллий «Сунъий интеллект лидерлари» рўйхати (топ-30) шакллантирилди.
Сунъий интеллект (СИ) имкониятлари Ўзбекистон учун рақамли тараққиётнинг янги босқичини очмоқда. 2024 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси» тасдиқланди. Ушбу ҳужжат мамлакатнинг глобал рақобатбардошлигини ошириш ва интеллектуал технологияларга асосланган иқтисодиётни шакллантиришни мақсад қилган.
Стратегия доирасида СИ асосидаги дастурий маҳсулот ва рақамли хизматлар ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш, ихтисослашган илмий лабораториялар ва юқори самарали сервер инфратузилмасини ташкил этиш, «Ҳукуматнинг сунъий интеллект тайёргарлиги» (Government AI readiness index) халқаро рейтингида жаҳоннинг илғор 50 давлати қаторига кириш, СИни иқтисодиётнинг турли тармоқларига жорий этиш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш каби асосий йўналишлар белгиланган.
Ўзбекистонда СИ турли соҳаларда қўлланилмоқда. Масалан, MyID ва UzFace орқали рақамли идентификация технологиялари амалиётга амалиётга жорий қилинди, солиқ тизими ва давлат хизматларида виртуал ёрдамчилар фаолият юритмоқда, Palm Pay тўлов тизими Тошкент метросининг 12 бекатида жорий этилди. 2024 йил якунига кўра, Ўзбекистон «AI readiness index» халқаро рейтингида 17 поғонага юқорилаб, 70-ўринни эгаллади ва минтақавий миқёсда Ҳиндистон ҳамда Туркияни ортда қолдирди. Мамлакат СИ соҳасидаги стартаплар ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизимларни жорий этиб, халқаро ташкилотлар ва IT-компаниялар билан ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда.
Рейтинг мақсади Ўзбекистонда СИ соҳасини фаол ривожлантираётган шахсларни аниқлаш, уларнинг ютуқларини эътироф этиш ва кенг жамоатчиликка танитишдан иборат. Шу орқали соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, мутахассисларни рағбатлантириш ва ёш авлоднинг илмий-технологик салоҳиятини ошириш мақсад қилинган.
Рейтинг қуйидаги вазифаларни назарда тутади:
- Сунъий интеллект соҳасидаги амалий ютуқ ва тажрибаларни намойиш этиш;
- Мутахассислар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мотивация бериш;
- Ёшларни СИ соҳасига қизиқтириш ва жалб этиш;
- Ўзбекистоннинг сунъий интеллект салоҳиятини халқаро миқёсда кўрсатиш.
Рейтинг икки босқичда шакллантирилди. Биринчи босқичда «Юксалиш» ҳаракати AICA билан ҳамкорликда очиқ манбалар (ОАВ, илмий нашрлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар) ва Рақамли технологиялар вазирлигининг тавсиялари асосида 50 дан зиёд номзодлар рўйхатини шакллантирди. Иккинчи босқичда AICAнинг 1380 нафар резиденти томонидан қуйидаги 8 та мезон бўйича ҳар бир номзод баҳоланди ва қисқа рўйхат (шорт-лист) шакллантирилди.
- Амалга оширилган СИ лойиҳаларининг таъсири
- Халқаро ҳамкорликлар
- Инвестиция жалб қилиш қобилияти
- Миллий стратегияда иштирок
- Янги ёндашувлар таклифи
- Илмий-оммавий чиқишлар
- СИ соҳасида таълим ва маърифат
- Миллий ва халқаро эътироф

Рўйхатга киритилган лидерлардан бири Акмал Пайзиев мамлакатдаги биринчи онлайн такси (MyTaxi), озиқ-овқат етказиб бериш (Express24), HR автоматлаштириш (Workly) ҳамда GPS мониторинг (Maxtrack) хизматларини яратган. У ҳозирда Кремний водийси (Silicon Valley)да фаолият юритмоқда.
Ўзбек тилида IT-касбларни (дастурлаш, Data Science, сунъий интеллект) ўргатувчи Mohirdev платформаси асосчиси Анвар Нарзуллаев СИ билан интеграциялашган таълим ечимларини жорий этмоқда.
Рўйхатда СИ йўналишида илмий тадқиқот қилаётган ва соҳани назарий жиҳатдан ўрганаётган лидерлар борлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Улар орасида сунъий интеллект ва компютер фанлари бўйича илмий даража ва халқаро тажрибага эга мутахассис Бунёдбек Иброҳимов, СИни тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўллашга бағишланган 20 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи ва лойиҳалар асосчиси Дилноз Муҳамедиева кабиларни санаб ўтиш мумкин.