ТУРИЗМ

Зурмала буддавийлик ступаси

Термизнинг буддавийлик иншоотлари орасида Эски Термизнинг шарқида жойлашган  II-III асрларга оид Зурмала ступа – иншооти ҳам катта эътиборга лойиқ. Қадимшунослар олиб борган тадқиқотлари натижасида бу иншоотни Кушонлар салтанати даврига оид буддавийларнинг ступаси эканлиги аниқланган. Ҳақиқатдан ҳам милодий I-III асрларда Термиз Марказий Осиёда буддавийликнинг марказларидан бири бўлган. Шу туфайли, бу ерда кўплаб буддавийлик ибодатхоналари бунёд этилган.

Зурмала ступасини қуриш учун 1 200 000 та 40х40х10 см ҳажмдаги хом ғиштлар ишлатилган. Булардан ташқари, ступанинг ташқи томони оҳактош ва юқори қисми тўқ қизил ранг берилган пишиқ ғиштлар билан қопланган. Ҳозирда ташқи қопламалар сақланмаган бўлсада, унинг баландлиги 13 м.ни, диаметри эса 14,5 м.ни ташкил этади. Қадимда унинг баландлиги 16 метрдан кам бўлмаган. Ступанинг тепаси гумбазсимон бўлиб, катта цилиндр шаклидаги қолдиқлари ўзининг маҳобати билан кишини ҳайратга солади. Ёдгорлик яқинида кўплаб тошли оҳактош блоклар, меъморий безак ва рельефларнинг топилганлиги Зурмала ступаси ўз даврида тошли ва рельефли қопламага эга бўлган деб ҳисоблашга асос бўлади. Гумбаз остига буддизмга оид муқаддас китоблар, ҳайкалчалар сақланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan