ҚИЗИҚАРЛИ МАДАНИЯТ ТУРИЗМ

Пайғамбар орол ёхуд Зулфикл мақбараси

 XI-XII асрларга оид Термиз яқинидаги меъморий ёдгорлик. Ривоят қилинишича, бу ерга Қуръони Каримда номлари тилга олинган 25 пайғамбарлардан бири Зулкифл пайғамбар дафн этилган. Зулкифл милоддан аввалги  VII-VI асрларда яшаб ўтган тарихий шахс ҳисобланади. Унинг қабри Ироқнинг Кифл шаҳрида жойлашган. Ғазнавийлар даврида Зулкифл қабри оролга кўчириб келтирилган ва мақбара ҳамда масжид барпо этилган.  Тарихий манбаларда 992-993 йилларда вафот этган аббосийларнинг атоқли лашкарбошиларидан Исҳоқ ибн Кунажа ҳам шу ерда дафн этилгани қайд қилинган.

Амударёдаги Пайғамбар оролининг жанубий қисмида жойлашган масжид – гўрхона ва уларга туташ 2 хонадан иборат. Бинолар турли даврларда бунёд этилган. Масжид мурабба тарҳли, гумбазли, олди пештоқли. Меҳробига ганчкори гириҳ нақш ишланган. Гўрхона  масжид сатҳидан  1 метрча баланд қилиб қурилган, унда caғaнa сaқлангaн. Гўрхонанинг икки эшиги орқали туташ қурилган икки хонага ўтилади. Хоналар деворига ғиштлар мавжли шаклда терилган.

Ривоятларга кўра, Амударёнинг нариги соҳилида яшаган пайғамбарсифат бир киши вафоти олдидан ўз муридларига васият қилади. Васиятида “ўлсам тобутимни Амударёга оқизинглар. Тобутим қаерга тўхтаса, ўша ерга дафн килинглар” дейди. Ул шахс вафотидан сўнг, унинг шогирдлари васиятини бажариб, тобутни дарёга оқизишади. Аллоҳнинг инояти ила Амударёнинг суви қанчалар серсув ва тез оқмасин, тобут сувга қарама-қарши оқа бошлайди. Бундан ҳайратланган муридлар тобутни дарё ёқалаб кузатиб боришади. Амударё дарёси иккига бўлиниб, ҳосил бўлган оролчага яқинлашгач, тобут шу жойда тўхтайди ва ваҳий келади “юқорида ул зот ётибдики, ҳатто тобутим ҳам ул зотдан хатлаб ўтолмайди”. Бу Ҳаким ат-Термизийга нисбатан келган ваҳий эди. Тобут ўша оролчага дафн этилгач, маҳаллий аҳоли томонидан ушбу орол “Пайғамбар орол” деб юритила бошланади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan