ЖАМИЯТ

Сурхондарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларига бош имом-хатиблар тайинланди.

Шу йилнинг 28 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Сурхондарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларида фаолият юритаётган туман ва шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида видеомулоқот йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ташкилий масалалар ҳам кўрилди. Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилиб, Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилди. Термиз шаҳри бош имоми ва “Мангузар” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган Расулжон домла Абдуллаев Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби вазифасига тайинланди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Олтинтепа” масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаб келаётган Аҳмадхон қори Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби этиб тайинланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили вазифасини вақтинчалик бажариб келган Ёқубжон домла Мансуров бош имом-хатиб ўринбосари ва Самарқанд тумани “Хўжа Аҳрори Валий” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларида қолдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакили Жасурбек домла Раупов ҳам ўз ихтиёри билан лавозимидан озод этилиб, Зангиота туманидаги “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилди. Тошкент тумани бош имоми ва мазкур тумандаги “Ҳасанбой ота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган Дониёр домла Икромов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимига тайинланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan