ЖАМИЯТ

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-тарихий алоқалар

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давом этмоқда.
Кеча олий даражадаги музокараларнинг илк самараси ўлароқ, давлатларимиз раҳбарлари Икки мамлакат ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларация имзоладилар.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳукуматлар, вазирлик, идоралараро 18 та ҳужжат қабул қилинди.
Тошкент шаҳрида Ҳайдар Алиев номидаги янгиланган кўча ва ёдгорлик очилиши алоҳида эътиборга лойиқ. Бу Озарбайжон атоқли сиёсий арбоби ва бутун Озарбайжон халқига Ўзбекистоннинг юксак эътиборидан дарак.
Таъкидлаш жоиз, ўзбек ва озарбайжон халқларини ўхшаш миллий урф-одат, анъаналар, умумий тил гуруҳи, маданият ва дин, икки томонлама алоқаларнинг бой тарихи бирлаштиради.
Хусусан, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-тарихий алоқалар милоддан аввалги IX-VII асрларга тақалади. Бу даврда Олтойдан йўл олган киммер ва скиф-сак қабилалари Ўзбекистонда қисман ўрнашиб, бугунги Озарбайжон ҳудудига боради.
Археологлар томонидан топилган кўплаб маданий ёдгорликлар халқларимиз ўртасидаги қадимий ришталар ҳақида гувоҳлик беради. Озарбайжоннинг Мингачевир шаҳридан топилган тошдан ясалган товуслар тасвири ана шундай далиллардан бири. Шунга ўхшаш расм Қорақалпоғистон ҳудудидаги қадимий шаҳар – Қўй қирилган қалъага мансуб идишда ҳам аниқланган.
Милоддан аввалги II асрдан эрамизнинг XVI асри бошигача халқларимиз Буюк Ипак йўли орқали тўғридан-тўғри савдо-сотиқ қилган.
Икки қардош элнинг кўп асрлик маданияти ва саънати бир-бирини бойитиб, тўлдириб, асрлар давомида ёнма-ён ривожланиб келмоқда.
Хусусан, ўзбек шоири Қутб Хоразмий Озарбайжоннинг XII асрдаги буюк арбоби Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин” достонини XIV асрда ўзбек тилига таржима қилган.
Наср на назм санъатимиз бир-бири билан нафақат шаклан, балки мазмунан уйғун, ғоя ва оҳанг жиҳатдан ҳамоҳанг.
VII-VIII асрларда ислом дини тарқалиши халқларимизнинг ўхшаш меъморчилиги, адабиёти, миниатюра санъати, қонунлари, энг асосийси – дунёқарашида акс этган.
Қайд этиш жоиз, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий, Насриддин Тусий, Муҳаммад Фузулий ва бошқа кўплаб буюк адибларнинг асарлари шарқ халқларигина эмас, жаҳон тамаддунининг дурдонаси, бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Боку шаҳрида Навоийга, Тошкентда эса Ганжавийга ёдгорлик ўрнатилгани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистонда яшаб ижод қилган “икки халқ фарзанди” Мақсуд Шайхзода ижоди ўзбек адабиётининг гўзал намунаси саналади.
Озарбайжон ва Ўзбекистон тарихида ёрқин из қолдирган бу истеъдод эгаси – ёзувчи, шоир, драматург, моҳир таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Мақсуд Шайхзода ҳақли равишда Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлган.
Шундай қилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ва гуманитар алоқалар кўп асрлик тарихга эга. Озарбайжонда ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, дунё ва ислом цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссасига катта ҳурмат билан қарашади, юксак эътироф этишади.
1995 йил октябрь ойида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилиши мамлакатларимиз тарихида янги саҳифа очди.
2010 йил 27 сентябрда Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузурида Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази очилди. Ушбу марказ бугун ҳам Озарбайжоннинг бой маданиятини қардош Ўзбекистонда намойиш этиб, ўз фаолиятини муваффақиятли давом эттирмоқда.
Ишончимиз комилки, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга улкан ҳисса бўлиб қўшилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan