Иқтисодий судлар нафақат иқтисодиёт соҳасида корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилади, улар шунингдек қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашади.

Хусусий ажрим ушбу вазифани бажаришнинг процессуал воситаларидан бири ва қонунни бузаётган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг
200-моддасига мувофиқ, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа
органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида
қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда
иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонунчилик ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин.
Хусусий ажрим тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, юридик шахсларга, мансабдор шахсларга, фуқароларга юборилади, улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт.
Хусусий ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Агар суд низони кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилади.
2022 йил мобайнида Сурхондарё вилоят иқтисодий судлари томонидан ишларни кўриб чиқиш натижаси бўйича 135 та хусусий ажрим чиқарилган.
Шундан, 23 таси Термиз туманлараро иқтисодий суди томонидан чиқарилган ва уларнинг барчасини ижроси таъминланган.
Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси даъвогар «А.Д» корхонаси манфаатида даъво ариза билан судга мурожаат қилиб, жавобгарлар – «БАР» хусусий корхонаси, “МК” МЧЖ, “ПН” хусусий фирмаси ҳисобидан 21373 сўм қарздорликни ундириш, ундирувни гаров мулкига қаратишни сўраган.
Суд жараёнида даъвогар ва жавобгар ўртасида медиатив келишуви тузилган ва шу сабабли даъвогарнинг даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.
Судда аниқланишича, даъвогар ҳамда жавобгар ўртасида 2021 йил 1 январда шартномаси тузилган.
Мазкур шартномага кўра, корхона томонидан жавобгарга 100 000 сўм маблағ ажратиш, қарздор эса олинган қарз бўйича асосий тўлов ва фоизларни шартномага мувофиқ тўлаб бориш мажбуриятини олган.
Мазкур тоифадаги низолар учун қонунда низони медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартиби назарда тутилган бўлсада, даъвогар қонуннинг ушбу талабига риоя этмаган.
Оқибатда, низо судгача етиб келган. Бу тадбиркорлик субъектларини ортиқча вақт сарфлашига ва ўз фаолиятини самарали олиб боришига тўсиқлар вужудга келтирган.
Шунингдек, Даъвогар- «H» акциядорлик жамияти иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар- «ТH» хусусий корхонасидан 50000 сўм асосий қарз ва 500 сўм пеня ундиришни сўраган.
Иш ҳужжатларидан
аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида
2022 йил 1 июлда 1-сонли шартнома тузилган. Мазкур шартномага асосан, даъвогар
ўтказиб берган 50000 сўм эвазига жавобгар томонидан ишлар бажарилмаган.
Даъвогар томонидан мазкур шартнома бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлар тўлиқ бажарилган. Бу ҳолат ишдаги ҳужжатлари билан тасдиқланган. Бироқ, жавобгар томонидан ишлар бажарилмаган ҳамда қарздорлик тўланмаган.
Мазкур ҳолатда, жавобгар ҳисобчиси У.А. даъвогар олдидаги қарздорликни ўз вақтида тўлаш чораларини кўрмаганлиги оқибатида, қарздорликни тўлаш кечиктирилган, боз устига жавобгарга нисбатан пеня ҳисобланишига олиб келган. Шу сабабли, суд томонидан хусусий ажрим чиқарилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси даъвогар – “A” жамияти манфаатида, судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар- “SAA” масъулияти чекланган жамияти ва “MM” масъулияти чекланган жамиятидан 23255 сўм асосий қарз, 43360 сўм фоиз ундириб, ундирувни гаров мулкига қаратишни сўраган.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Ҳал қилув қарори юзасидан ижро варақаси ундирувчига юборилган.
Шундан сўнг, даъвогар судга ариза тақдим этиб, суд ижро варақасининг дубликатини беришни сўраган.
Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, суднинг тегишли ижро варақалари почта алоқа хизмати орқали ундирувчига юборилган, ундирувчи уни имзо орқали қабул қилиб олган.
Бироқ, мазкур ижро варақалари йўқолганлиги сабабли, даъвогар судга ариза тақдим этиб, суд ижро варақасининг дубликатини беришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг “Суд ҳужжатларини ижро этишга оид қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” 2009 йил 10 апрелдаги 06/196-сонли Қарорининг 24-бандида, судлар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини уларнинг ижросига тўсқинлик этувчи ҳолатларни аниқлаши, шунингдек йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан чоралар кўришиши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Шунга асосан, суд томонидан иш бўйича берилган қарзни ундириш ҳақидаги ижро варақаларининг йўқотилишига сабабчи бўлган “A” жамиятининг масъул ходимини интизомий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқиш ҳақида хусусий ажрим чиқарилган ва ижро учун юборилган.
“A” жамияти раҳбарининг масъул ходимини интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида буйруғи қабул қилинган ва хусусий ажрим муҳокамаси юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар судга тақдим этилган.
Ҳар қандай хўжалик юритувчи субъект, ўзаро имзоланган шартномалар бўйича мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда бошқа тарафга нафақат етказилган зарарни тўлайди, шу билан бирга иш судда мазмуман кўрилгач, хусусий ажрим билан масъул ходимлар моддий ёки интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ҳулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан хусусий ажримлар ишни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, келгуси фаолиятида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш учун чиқарилади, бу эса корхона, ташкилот ёки муассасаларда тўлов интизомига янада қатъий риоя этилишига ҳамда шартнома мажбуриятларини бажаришда масъулиятлироқ ёндошишга кўмаклашади.
Абдураим Қиличев, Термиз туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири