ЖАМИЯТ

Шеробод туманида 16 нафар ишчиларнинг ойлик иш ҳақи ундириб берилди

Ҳар бир ишчи ўз меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда адолатли меҳнат шароитларида ишлаб, ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги Конституциямизда белгилаб қўйилган.

Афсуски, шундай ҳолатлар ҳам учраб турадики, иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига асосан белгиланган иш ҳақи ўз вақтида тўлаб берилмаганлигининг гувоҳи бўламиз.

Шу каби низоли ишлардан бири Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими иш юритувига қабул қилинди. Унга кўра туманда фаолият юритиб келаётган “Шеробод текстиль инвест” масъулияти чекланган жамияти 16 нафар иш ходимларининг жами 42 миллион сўмга яқин иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб бермаганлиги маълум бўлди. Мазкур ижро ҳужжатлари иш юритувга қабул қилингандан сўнг, дарҳол мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздор жамиятнинг барча ҳисоб рақамларига банд солинди ҳамда 5 та автотранспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилинди.

Кўрилган таъсир чораларига қарамасдан қарздор жамият раҳбари ишчиларнинг ойлик иш ҳақларини тўлаб бермаганлиги сабабли 3 миллион 400 минг сўм маъмурий жаримага ҳам тортилди.

Шундан сўнг, ўз вақтида тўлаб берилмаган 16 нафар ишчиларнинг 42 миллион сўмга яқин иш ҳақлари тўлаб берилди.

Бу каби ижро ҳужжатлари Бюронинг Сурхондарё вилояти органлари томонидан алоҳида назоратга олиниб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида биргина жорий йилнинг январь ойида иш ҳақи ундириш билан боғлиқ жами 288 миллион сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланди.

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan