Аввал хабар берганимиздек, Фарғона вилояти журналистлари мамлакатимиз жанубий ҳудудларида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан танишиш, ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиш, келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун Сурхондарё вилоятида икки кунлик сафарда бўлиб қайтди.
Меҳмонлар дастлаб Термиз шаҳридаги Матбуот уйининг қайта реконструкция қилинган янги биноси фаолияти билан яқиндан танишди. Таҳририятларда сурхондарёлик ҳамкасбларининг изланиб, янада самарали ижод қилиши, воҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди.

Икки вилоят журналистлари учрашувида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими бошқаруви раиси М.Обидов, “Сурхон тонги” ҳамда “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Р.Раҳимова ва бошқалар мамлакатимизда сўнгги йилларда соҳага оид қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, адабиёт, маданият ҳамда санъатни янги босқичда ривожлантиришнинг истиқболли йўллари белгилаб берилгани, ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларни холисона, тезкор ёритиши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Фарғона ва Сурхондарё вилоятида ҳам ижодкор зиёлиларнинг муносиб турмуш кечириши, изланиб, меҳнат қилиши, жамиятда ютуқ ва муаммоларни очиқ ёзиши учун зарур қулайлик яратилмоқда. Икки вилоят журналистларининг вилоят телерадиокомпаниясида очиқ мулоқоти ташкил этилиб, ўзаро тажриба алмашгани, соҳада эришаётган ютуқларини баҳам кўриб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш йўлларини излагани ҳам бунга яққол далилдир.

– Босма оммавий ахборот воситалари билан танишув бизда бой таассурот ўйғотди, – дейди “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари А.Бобожонов. – Тубдан реконструкция қилинган Матубот уйи биносининг қиёфаси ва хоналарнинг юксак дид билан жиҳозланганидан қувондик. “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари саҳифаларининг дизайнига ҳавасимиз келди. Мақолаларда Сурхон воҳаси журналистика мактабига хос оҳанг борлигини кузатдик. Бу ердан олган тажрибамиз ишимиз сифатини ошириш ва газетанинг ўқимишлилигини таъминлашда жуда қўл келади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази билан танишув ҳам фарғоналик журналистларда катта қизиқиш ўйғотди.
Меҳмонлар таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалар билан дошқозонда тайёрланган баҳор таоми-сумалакдан татиб кўрди. Фаоллар ижодкор зиёлилари ва афғонистонлик талаба-ёшларнинг ижодий учрашуви ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими таълим маркази талабалари учун махсус кўрик-танлов эълон қилди. Бўлим муассислигида чоп этилаётган “Оламаро” журналида Афғонистон ҳаёти ва ушбу таълим маркази фаолияти билан боғлиқ энг яхши мақола эълон қилган талабаларга Фарғона вилоятига журнал ҳисобидан уч кунлик бепул саёхат ташкил этиладиган бўлди.
Тадбирга фарғоналик, сурхондарёлик шоирлар ва афғонистонлик талабаларнинг шеърлари ўзгача шукуҳ бағишлади. Афғонистонлик ёшлар куй-қўшиқлар билан барчани мамнун этди.
– Кўп йиллардан буён уюшманинг вилоятдаги бўлими мудраб турган эди,– дейди Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон ёшлари” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси И.Шомиров.– Фарғоналик ҳамкасбларимизнинг уюшма атрофида бирлашиб, амалга ошираётган ишларига, Фарғона журналистика мактабини яратганига ҳавасимиз келди. Қаранг, газета ҳам чоп этишмоқда, ишбилармонлик билан уюшма фаолиятини ҳам кенг йўлга қўйган. Хорижлик журналистлар билан алоқаларини эшитиб, гапнинг рости қойил қолдик. Бу ёғи фаҳрий журналистларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаб, бетоб бўлиб қолган ҳамкасбларимизнинг даволанишига ҳам ёрдам беришаётган экан.
Сафар давомида фарғоналик журналистлар Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройи билан танишиб, Маннон Уйғур номли Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари томонидан саҳналаштирилган спектакллардан баҳраманд бўлди. Тарихий обидаларни зиёрат қилиб, шаҳарнинг диққатга сазовар жойларини томоша қилди. Сурхондарёлик ҳамкасбларини ижодий сафар билан Фарғонага таклиф этишди.