ЖАМИЯТ

“МАКЕДОН” КЎПРИГИНИ КИМ ҚУРГАН? Қумкўрғондаги Македон қишлоғи ва Искандар кўприги. Нега бу манзилни Искандар Зулқарнайнга боғлашади?

“Термиз-Душанбе” халқаро ма­гистраль йўлининг Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида, катта йўл ёқасида Македон қишлоғи бор. Қишлоқда тарихи бир неча асрларга бориб тақалувчи қадимий кўприк ҳам мавжуд. Маҳаллий аҳоли уни Искан­дар кўприги деб атаб келади.

Қадимий Термизни Чағониён ва Ҳисор билан боғлаб турувчи савдо йўлида Бандихонсой устида қурилган кўприкни маҳаллий аҳоли македониялик Искандар томонидан қурилган деб нисбат бериб келади. Узунлиги 70 метр, баландлиги 12 метрни ташкил этувчи кўприк бугунга қадар бир неча бор таъмирланган. Кўприкнинг қачон қурилганлиги ҳақида аниқ манбалар эса йўқ. Тарихчи Шуҳрат Абдуллаев фикрига кўра, мазкур кўприк қурилишини Александр Македонскийга бориб тақаш нотуғри. Тўғри, истилочи милоддан аввалги 327 йилда Термизни босиб олиб, Ҳисор томонга юришида шу йўл орқали утган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ уни XVI асрда Аштархоний ҳукмдор Абдуллахон
(1557-1598) қайта таъмирлайди. Абдуллахоннинг отасининг исми ҳам Искандар бўлганлиги учун ҳукмдор отасининг шарафига шундай аталган бўлиши мумкин.

Хўш, шундай бўлган тақдирда айнан шу кўприк бунёд этилган ҳудуд, яъни маҳалла нега “Македон” деб аталган?

Бу саволга маҳаллий аҳолидан аниқ жавоб олиш қийин. Кенг ҳудудларни ўзлаштириш мақсадида ўтган асрнинг биринчи ва иккинчи чоракларида вилоятнинг турли жойларидан кўчириб келтирилган аҳоли бу ерни манзил тутиб, қишлоқлар бунёд этишган. Ўша пайтларда ҳам аҳолининг бу манзилгоҳи “Македон” деб аталган.

Тарихчи Нозим Икромов фикрига кўра, асрлар давомида кўприк гоҳида Искандар кўприги, гоҳ македониялик Искандар кўприги номи билан аталиб келинган. Кейинчалик кўприкнинг номи ҳудуднинг номига ҳам кўчиб, “Македон” деб аталган бўли­ши мумкин.

Сарвар ТЎРАЕВ