
Мажбурий ижро бюроси Жарқўрғон туман бўлими иш юритувига қабул қилинган ижро ҳужжатига кўра туманда фаолият юритиб келаётган “Surxon teks» МЧЖдан ўз вақтида тўланмаган жами 2 миллиард 897 миллион сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати қабул қилиниб, ихтиёрий муддат белгиланган ҳолда қарор нусхаси тарафларга юборилган.
Бироқ, солиқ қарздорлиги ихтиёрий муддат ичида бартараф этилмаганлиги сабабли, қарздор жамиятнинг барча ҳисоб рақамларига банд солиниб, инкассо топшириқномалари юборилди. Шунингдек, қарздор жамиятга тегишли бўлган иккита махсус автотранспорт воситаси ҳамда кўчмас мулкларига тақиқ ўрнатилди. Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида жами 2 миллиард 41 миллион сўмга яқин солиқ қарздорлиги ундириб олинди ва бюджетга йўналтирилди.
Шунингдек, Бюронинг туман бўлими давлат ижрочиси Д.Назаров томонидан қарздор жамиятга тегишли “Нурли диёр” маҳалласида жойлашган нотурар бинолари хатловга олинди.
Ижро ҳужжати бўйича қолган қарздорлик бартараф этилмаган тақдирда хатланган мулклар аукцион савдолари орқали реализация қилиниши ҳақида жамият раҳбари огоҳлантирилди.
Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан солиқ қарздорликларини ундиришга қаратилган назорат тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.