ЖАМИЯТ

“Бойсунда ёмғирдан азият чекишяптими ё… ?” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан Бойсун туман ҳокимлиги муносабат билдирди

Бойсун туман ҳокимлиги 2020 йилнинг 4 январь куни “Diyor24.uz” веб-сайти орқали “Бойсунда ёмғирдан азият чекишяптими ё… ?” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:

Ўрганиш давомида мақолада эълон қилинган “Пойгабоши” маҳалласида жойлашган ички кўча ҳамда “Чорчинор” маҳалласига олиб борувчи автомобиль йўлининг таъмирталаб ҳолатга келган қисми кўздан кечирилиб, масъул ташкилот раҳбарларига таъмирлаш ишларини амалга оширилиши юзасидан топшириқлар берилди.

“Пойгабоши” маҳаласида жойлашган ички кўчага 2015 йилда асфальт қоплама ётқизилганлиги, кўчанинг икки ён томонида аҳоли уйлари зич жойлашганлиги, уларнинг уй-жойлари том қисмидан оқаётган ёмғир сувлари ушбу тор кўчага тушиб, сувнинг кетиши учун ариқ қолдирилмаганлиги, йўлнинг паст қисмларида сув йиғилиб қолиши, натижада бир неча йирик кўлмаклар ҳосил бўлиб йўл таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги аниқланди.

Масъул ташкилотлар томонидан 2020 йил 10 январь куни ушбу ички кўчада махсус техникалар ёрдамида йўлни текислаш ва сувни қочириш ишлари амалга оширилиб, сув йиғилмайдиган ҳолатга келтирилди. Шунингдек, йўлнинг илгари сув йиғилган қисмида қуриш ҳолатини кутишни инобатга олиб, махсус техникалар ёрдамида қаттиқ ва жипс ҳолатга келтириш ҳамда тошлаш ишлари 11 январь кунида бажарилиши белгилаб олинди.

Бундан ташқари, веб-сайт мақоласида қўшимча равишда фотосуратлари келтирилган “Чорчинор” маҳалласига олиб борувчи автомобиль йўлининг таъмирталаб қисмларида 10 январь куни асфальтлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу автомобиль йўлининг ҳолати яхшиланганлиги маълум қилинади.