ЖАМИЯТ

Сурхондарёнинг иштаҳаси карнай таксичилари ва «ичи» оғриётган йўловчилари

Халқнинг мақоллари ҳам миллатининг турмуш тарзи, характери, ижтимоиятидан дарак бериб турса керак. “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, “Қўли текканнинг оғзи тегади”, “Чўмич кимнинг қўлида…” каби бир қатор мақолларни ёдга солувчи вазиятларга дуч келганимда бугунимиздаги кўплаб кўнгилсизликларнинг илдизи аввалдан бор экан-да, деб ўйлаб қоламан. Юртимизда кечаётган пандемия миллатимизнинг нақадар олижаноб, бағрикенг, фидоийлигини кўрсатмоқда. “Сардоба” воқеаси жабрланувчиларига юртдошларимизнинг кўрсатаётган ғамхўрлигини кўриб, кўзга беихтиёр ёш келади. Яқин кунларда кечган ва кечаётган синовларда аксарият саховатпешалар “суягини хўрламайдиган султонлар” ва қатордаги “нор”ларга айланди. Ижтимоий ва иқтисодий кўмаклар халқнинг якдиллигини кўрсатиб беряпти. XXI асрда ҳам қаппайган чўнтакларсиз, таъмасиз олий сифатли муносабатлар ер шаридаги инсонлар ҳаракатига дахлдорлигини сақлаб қоляпти. Аммо…

“Ит ўйини бўронда” деб югураётганлар ҳам йўқ эмас. Туманлараро ва шаҳар ичида ҳаракатланувчи таксичиларнинг айтаётган “хизмат нархи”дан пиёда юрибгина ҳовурдан тушиш мумкин. Масофалар учун тўланадиган аввалги нархларга нисбатан икки, баъзан уч баробар қиммат пул белгиланган. Гарчи ўша оралиқдаги масофаларда “ер ўсиб” кетмаган бўлса-да…, бензин арзонлаган, газ илгариги баҳосида турган бўлса-да!  Туманлардан  Термизгача янги жорий қилинган йўлкиралар: Шўрчи 50 минг; Шеробод 40 минг; Узун 70-80 минг (агар “пересадка” қилиб келинса, бундан ҳам қимматга тушади!). Бундан ташқари ҳам ёзилмаган қонунлари бор бу “бозор”нинг: узоқ масофага ҳаракатланувчи таксичилар битта йўловчи билан сафарга чиқмайди; “Пассажир”и ўртача 3 нафар бўлади (карантин шароитида ҳам) ва ҳоказолар. Эссиз, “инсоф сари барака” билан нарх қўйса, йўловчиларнинг “ичи” бу қадар оғримас эди.

Бир танишим: “Термизга келдим”, – деб қўнғироқ қилди. Биринчи сўраган гапим “йўл қанчага тушган”и бўлди. Аламидан рўзадор бўлишига қарамасдан “Мангузар” постидан яёв келаётганини айтди.

Қизиқ, вилоят Транспорт бошқармаси дегич ташкилот, унинг устомон инспекторлари бўларди карантиндан олдин, рейд қилавериб таксичиларнинг жиғига тегадиган… Кейин бобом замонлардан буён Солиқчи дегани тартиб интизомни, нарх навони назорат қилган! Қани ўшалар?! Ахир қизғин рейд вақти энди пишиб етилдику! Муҳтарам мутасаддилар, қонуний, хавфсиз, белгиланган нархлардаги йўловчи ташиш хизматини тиклаб беринг! Давлат, халқ берган ваколатни қўлланг, “бошга ёстиқ қилмасдан”!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan