ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

5 йил кечиккан ҳақиқат: Бойсуннинг собиқ ҳокими, прокурори – жами 19 нафар раҳбар оқланди

Нуронийлар, туҳмат, сув ва ўт балосидан Ўзинг асра, деб дуо қилишади, одатда. Сув билан ўт балосини қайтариш мумкиндир – кўриниб келадиган ёв, аммо туҳмат балосиничи?

2014 йил баҳорнинг сўнгги ойлари, Бойсун халқи ичида ғала-ғовур гап бошланди: кимдир туман ҳокими К.Р.ни қамоққа олишибди деса, яна кимдир туман прокурори С.А.ни  қамоққа олишибди дерди. Уларнинг бошига тушган иш кўпларни қайғуга солди. Туҳмат балосига йўлиқиш ҳеч гап эмаслигидан кўплар саросимага тушди. Афсуски, бу ҳадик бекорга эмас эди. Кўп ўтмай Бойсундаги бир қанча корхона ва ташкилот раҳбарлари қамоққа олиниб, 19 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва суд ҳукми ўқилди…

Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган тезкор ислоҳотлар натижасида, судлар томонидан адолатни қарор топтириш, ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқаришга жиддий эътибор қаратила бошланди. Ана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари томонидан келтирилган протест асосида дастлабки суд қарорлари бекор қилиниб, жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди кассация инстанциясида иш янгитдан кўрила бошланди. Судланувчилар, дастлабки терговда кўрсатувларни жисмоний ва руҳий зўрлик асосида берганликларини, аслида эса ҳеч қандай жиноят содир этмаганликларини айтиб, судда кўрсатма берганлар.

Суд 19 нафар судланувчиларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини қайта кўриб чиқди. Судланувчилар тергов ва суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса содир этмагани аниқланди ва Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-модда 1-қисмига асосан улар айбсиз деб топилди.

Гарчи, бу 19 нафар “судланувчи”нинг беш йиллик моддий ва маънавий зарарлари ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмаса-да, “судларнинг вазифаси адолатни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш” эканига бўлган ишончни мустаҳкамлади.

3 COMMENTS

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan