ЖАМИЯТ

Бойсундаги можаролар: «Курсни ўзгартиринг, дарғалар»

Шу кунларда Бойсун деҳқон ва озиқ овқат бозорини янги манзилга кўчириш билан боғлиқ можаролар нафақат вилоятимиз, республикамиз, балки халқаро миқёсдаги оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортган. Бу ҳодисалар юзасидан изоҳлар, далиллар кўпаймоқда ва афсуски улар орасида ҳақиқатдан йироқ, ҳатто бироз кулгилилари ҳам учраяпти. Масалан, айни пайтга келиб туман халқи учун маҳаллий ҳокимлик зўр бериб “замонавий, барча шароитларга эга” деб талқин қилган янги бозорда ҳали шароитлар айтарлик жуда олий даражада эмаслиги ойдинлашди. Ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган фотосуратларда янги бозорда ҳалиям қурилиш монтаж ишлари давом этаётгани кўрсатиляпти.

Энди аввалги бозор ҳудудида фаолият юритган тадбиркорлик субъектларининг талабларига келсак. Улар марказдан чеккароқдаги янги манзилга кўчишни хоҳламаяптилар. Харидор кўп жойдагина олди-сотди яхши бўлади. Демак, буларнинг эътирозларида ҳам жон бор. Шу сабабли сотувчиларнинг айримлари аввалги деҳқон бозор атрофидаги дўконларни ижара асосида олиб шу жойда қолишга ҳаракат бошлагандилар. “Бизга тегманг, солиғингизни тўлайлик, ишимизни қилаверамиз”, дейишганди улар. Аммо, негадир туманда аввалги манзилда ҳеч бир сотувчи, ҳеч бир харидорни қолдирмаслик бўйича “кампания” авж олдирилди. Жумладан, дастлаб бозор ва унинг атрофидаги автомобил йўлларига бетон тўсиқлар ўрнатилди. Бунга карантинни баҳона қилган мутасаддиларнинг изоҳлари ҳам бугунги кунда мантиққа тўғри келмай қолди. Чунки, яна ўша мутасаддиларнинг ўзлари “қовун туширишди”. Яъни 12-май куни экскаватор билан бозор йўлини қазишга уриниш катта қаршиликка учради. Можаро тафсилотлари ижтимоий тармоқларни “ёндирди”. Ва бу ҳолатга нисбатан келтирилган расмий изоҳ кулгуга қолди. Аниқроғи, маҳаллий ҳокимлик келтириб ўтган, гўёки Алишер Навоий ва “Истиқлол” кўчалари бўйлаб оптик толали кабел ўтказиш учун экскаватор ишлатилгани ҳақидаги сабаб нақ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан рад қилинди. Бу билан вазирлик “сиз пиширган ошга шерикмасмиз, мазаси қандай бўлмасин айланиб, ўргилиб ўзингиз еяверинг” деб қўя қолди. Табиийки, энди бошқа баҳона ҳам келтирилиши мумкин, масалан “ариқ қазиётгандик”, ёки “археологик қидирув ўтказилаётганди”, деса ҳам бўлади Бойсунда сув танқислиги ва бу жойларнинг тарихийлигидан келиб чиқиб… Ҳартугул, бугун эрта мана шу тахлитдаги изоҳлар эшитилиб қолар… лекин, ҳозирча бори, аниғи шуки, бойсунликларнинг ҳаловати йўқолган. Карантин тугашини, янги бозор қурилиши тўлиқ якунланишини кутмасдан, аввалги бозор ва унинг атрофидаги дўконлар, уларда иш билан банд аҳоли ва тадбиркорларнинг кейинги тақдири тўғрисида аниқ бир тўхтамга келинмасдан бошланган “кампания” ҳозирча муваффақиятсизликка учраб турибди. Ишонаверинг, бундан масалага бевосита дахлдор ҳеч ким наф кўрмаяпти на янги бозорни қурган, на аввалги бозорда ишлаган тадбиркорлар ва на Бойсун аҳолиси.

Шундай экан, кема дарғалари тилида айтганда “курсни ўзгартириш” керак. Борган сари моҳиятдан узоқлашавермай, бойсунликлар кўнглидан жой топиш зарур, бизнингча.

“Диёр24.уз”да Бойсун бозори атрофидаги воқеалар ривожини кузатиб боринг!

Тилка-пора

2 COMMENTS

  1. Muhumi xalq roziligi emasmi. Xalqni rozi qilish kerak. Hechkim «shapka» berib hali qurilishi bitmagan bozorga bormaydi. Erkinlik berilsin. Davlat xalqni qonuniy talabini qondirsin

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan