ЖАМИЯТ

ФАХРИЙЛАР ҲАМИША ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМДА

9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан Сурхондарё вилоят суди, туманлараро ҳамда туман (шаҳар) судлари судьялари томонидан узоқ йиллар суд-ҳуқуқ тизимида фаолият юритиб, айни пайтда қарилик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари хонадонида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Бугунги кунда ўз касбининг фидойиси бўлган меҳнат фахрийларимиз билан ҳар қанча фахрланамиз, улар ўз даврида касбига садоқат билан хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшган десак хато қилмаган бўламиз.

Шу боисдан ҳам меҳнат фахрийларимизни эъзозлаб, руҳан қувват бўлиш ҳамда бой тажрибаларидан сабоқ олиш, уларнинг ишини давом эттираётган соҳа ходимлари учун шарафли бурчдир.

– Биз иш бошлаган йиллар билан ҳозирги даврни қиёслайдиган бўлсак, осмон билан ерча фарқ бор, – дейди меҳнат фахрийси Х. Муҳаммадиев. – Ўшанда пастқам, мослаштирилган биноларда ҳаминқадар шароит билан хизмат қилганмиз. Бунақа кенг, шинам иш хоналар ҳам, хизмат автомашиналари ҳам ҳозиргидек етарли бўлмаган. Айниқса, кейинги йилларда давлат даражасида соҳага қаратилаётган юксак эътиборни бир умр орзу қилиб яшаганмиз. Айни пайтда қонунчилигимиз ҳам тубдан такомиллашиб бормоқда. Яратилаётган шароитларга ҳам ҳавасимиз келади. Шунингдек, сўнгги йилларда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар бизга куч-қувват, ёшимизга ёш қўшаётганидан беҳад мамнунмиз.

Шунингдек, Хотира ва қадрлаш куни арафасида бўлиб ўтаётган бу каби учрашувлардан кўнгли тоғдек юксалаётган меҳнат фахрийлари Ватанимизга тинчлик, хонадонларга тўкинлик, ёшларга бахту иқбол тилаб, дуога қўл очмоқда.  

“9-май Хотира ва қадрлаш куни” байрами арафасида суд-ҳуқуқ тизимида 36 йил меҳнат қилган меҳнат фахрийси Худоёр Муҳаммадиев Ўзбекистон Судьялар Олий кенгаши томонидан “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Воҳадаги бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам узоқ йиллар ўз соҳасида фаолият юритиб, айни пайтда фарзандлари ва неваралари қуршовида осуда, фаровон ҳаёт кечираётган меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан табрикламоқда.

Аблқосим Рузиқулов, Сурхондарё вилоят суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan