ЖАМИЯТ СИЁСАТ

Cайлов ўтди, излар босилдими?!

Қонунбузилиш юзасидан ҳукм сураётган жимлик ҳақида.

Diyor24 расмий сайтимизда жорий йилнинг 17 декабр куни “Сайлов ва монополия” сарлавҳали материал эълон қилинганди. Унда халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати сайловини ўтказувчи 16-Турон округ сайлов комиссияси 260-сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексининг “Сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар” номли 25-моддаси талаби бузилганлиги ҳақида сўз боради. Бугун 23 декабр санасигача ушбу чиқишимизга нисбатан мутасадди ташкилотлар томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмади.

Журналистик текширувга асос бўлган мурожаат муаллифининг билдиришича эса сайлов жараёнида юқорида таъкидланган қонунбузарлик бартараф этилмаган. Қўшимча равишда, мурожаат муаллифи мазкур сайлов участка комиссияси таркибида шу округдан халқ депутатлари Термиз шаҳар кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган “Турон” маҳалла фуқаролар фуқаролар йиғини раисига бевосита бўйсунувчи ходимлар ҳам фаолият юритганини маълум қилмоқда.

Ҳозирда сайтимизда мавжуд видеоматериаллар ҳам 22 декабр куни номзодларнинг бевосита бўйсинувида меҳнат фаолиятини юритувчи ходимлар сайлов участкаси раиси, ўринбосари ва бошқа аъзоларига бериладиган мандатлар асосида 260-сайлов участкасида бўлишганини тасдиқламоқда.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, Сурхондарё вилоят прокуратураси, Сурхондарё вилоят ИИБдан расмий муносабат кутиб қоламиз. Diyor24 мавзуга яна қайтади.