СИЁСАТ

Арманистон Бош вазири Озарбайжон билан тинчлик келишуви шартларини айтди

Томонлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олишса, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик шартномаси ҳақиқий бўлади. Арманистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тан олади ва СССР давридаги хариталарни асос қилиб олган. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян парламентда маълум қилди.

«Агар икки давлат бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олса ва бугун ҳам, ҳеч қачон бир-бирига ҳудудий даъво қилмаслик мажбуриятини олса, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик шартномаси ҳақиқий бўлади. Энди мен Арманистон Республикаси Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тан олишини тасдиқламоқчиман ва биз Озарбайжондан ҳам Арманистон ССРнинг бутун ҳудудини Арманистон Республикаси деб тан олишини кутамиз», — деди Никол Пашинян Парламентда мамлакат Ҳукуматининг 2022 йил учун ҳисоботини тақдим этар экан.

Никол Пашиняннинг сўзларига кўра, томонлар бу ҳақда 2022 йил 6 октябрда Прагада ва 2022 йил 31 октябрда Сочида келишган ва бу борадаги келишувлар тегишли оммавий баёнотларда қайд этилган.

«Шунга қарамай, Ереван ҳам, Боку ҳам расмий баёнотлар бериб, бошқа томонни келишувларни бажармасликда айбламоқда. Яна шуни айтишим керакки, тинчлик шартномаси бўйича музокаралар чоғида Арманистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тан олмагани ёки рад этгани ҳақидаги иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди ва биз буни исботлай оламиз. Биз ўзимиз СССР томонидан тайёрланган ва тасдиқланган Арманистон ва Озарбайжон ССР хариталарини икки давлатнинг ҳудудий яхлитлигини тан олиш учун асос сифатида тинчлик шартномасига қўшишни таклиф қилган эдик», — деди Никол Пашинян.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan