ЖАМИЯТ

САЙЛОВ ВА МОНОПОЛИЯ

Юқоридаги атамалар бир-бирига бутунлай зид тушунчалар, десам фикримга қўшилсангиз керак. Лекин, баъзида улар ўртасида умумийлик ҳам бўлиши мумкин экан. Кечагина халқ депутатлари Термиз шаҳар кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган юртдошларимиздан бирининг мурожаати юзасидан журналистик текширув ўтказиб ана шундай хулосага келдим.

Батафсилроқ тушунтираман. Мурожаат муаллифининг иддаосига кўра, унинг номзоди 16-Турон сайлов округи бўйича Термиз шаҳар Кенгаши депутатлигига қўйилган. Бироқ, унга рақобатчи номзодлардан бири раҳбарлик қиладиган ташкилот ходимлари сайлов участка комиссиясини эгаллаб олишибди. Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати сайловини ўтказувчи 16-Турон округ сайлов комиссияси 260-сайлов участкасида бўлдик.

 

 260-сайлов участкаси 8-сонли ўрта таълим мактаби биносида жойлашган экан. Участка сайлов комиссияси раиси З. Расулов, комиссия раиси ўринбосари С.Зоирова, котиби Д.Ҳасанова, аъзо Н.Раҳмонова ҳақиқатдан ҳам 8-сонли мактаб ўқитувчилари.

 

Энг қизиғи, 8-сонли мактаб директори Лапасова Ойнабод Абдумуротовнанинг номзодлари ҳам  айнан 16-Турон сайлов округи бўйича Термиз шаҳар кенгаши депутатлигига қўйилгани ҳам рост бўлиб чиқди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг “Сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар” номли 25-моддаси 2-хатбошисини келтириб ўтсак.

Унда  “… Бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.” деб кўрсатилган.

Хўш, 260-участка сайлов комиссияси раиси ёки 8-мактабда меҳнат фаолиятини олиб бораётган 3 нафар аъзолар мазкур қонуний талабдан бехабармикан!? Ёхуд адолат тарафдори, адолатли қонунларни ишлаб чиқиш, ҳаётга татбиқ этишга бел боғлаган номзодимизнинг ўзларичи?! Хуллас, юқоридаги кузатув доирасида сайлов ва монополия тушунчаларини умумлаштирса ҳам бўларкан, дея фикрладим. Сизчи, қандай хулосага келдингиз!?

Барчангизни 22-декабрда бўлиб ўтадиган сайловларда фаол бўлишга, ўз хоҳиш иродангизни ифода этишга, муносиб номзодларга овоз беришга чақираман! Жамиятимизда, сайловларимизда адолат мустаҳкам қарор топишини истаганимиз учун ҳам сиз-у биз сайловда қатнашишимиз керак!

Жўшқин