ДУНЁ ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Crocus теракти бўйича яна икки нафар шахс қўлга олинди

Твернинг Москва туман суди Crocus City Hall’даги терактга алоқадор шахсларни яшаш манзилида сохта рўйхатга қўйганликда айблаб, Россия ва Тожикистон фуқароларини икки ойга ҳибсга олди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: РИА

Суд матбуот баёнотида айбланувчи Ашуров деб кўрсатилган. У Жиноят кодексининг 322.2-моддаси билан яшаш жойи бўйича сохта “прописка” қилишда айбланмоқда.

Айбловга кўра, Ашуров ака-ука Диловар ва Аминчон Исломовларни сохта рўйхатга олган. Исломовлар 22 март куни Crocus City Hall’га ҳужум қилган террорчиларни квартира ва машина билан таъминлаш, шунингдек, пулларини олиб ўтишда айбланмоқда. Ҳар иккиси террорчилик моддаси бўйича ҳибсга олинган.

Суд хулосасига кўра, Ашуров ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг Тожикистонда яқин қариндошлари яшагани сабабли терговчилар қочиб кетмаслиги учун ҳибсга олишни сўраган.

Сохта рўйхатга қўйиш моддаси бўйича максимал жазо уч йилгача озодликдан маҳрум қилишдан иборат.

Диловар ва Аминчон Исломовлар ҳамда уларнинг отаси 25 март куни, терактдан уч кун ўтиб ҳибсга олинган эди. Бу вақтгача тўртта асосий жиноятчи аллақачон ҳибс қилинган ҳамда Исломовлар террорчиларни машина ва уй-жой билан таъминлашда ёрдам берганини тан олган.

Ака-ука Исломовларнинг айтишича, террорчилар қочишга уринган машинани таниб, Тергов қўмитасига ўзлари келган. Суд мажлисида Аминчон Исломов ўзининг айбсизлигини таъкидлаган. Учаласи ҳам ҳибсга олиш юзасидан апелляция берган, бироқ Москва шаҳар суди уларни ҳибсда қолдирган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan