ДУНЁ

Путин Россиянинг янги қўшиб олинган 4 ҳудудида ҳарбий ҳолат жорий қилди

Россия Президенти Владимир Путин мамлакатнинг аннексия қилиш йўли билан қўшиб олинган тўртта янги ҳудуди – ДХР, ЛХР, Запорожье ва Херсонда ҳарбий ҳолат жорий қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

«Мен Россия Федерациясининг ушбу тўртта субъектида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзоладим. У зудлик билан Федерация Кенгашига тасдиқлаш учун юборилади ва қарор ҳақида Давлат Думасига хабар қилинади”, дейди Путин бугун, 19 октябрь куни видеоконференция орқали ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.

Қонунга кўра, Россия Федерацияси Президенти Федерация Кенгаши ва Давлат Думасига ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида дарҳол хабар бериши керак.

Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида – 87,05 фоиз, ДХРда – 99,23 фоиз, ЛХРда – 98,42 фоиз.

Референдум натижаларини халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар тан олмади ва уни ноқонуний деб атади.

30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan