ИЛМ-ФАН

АЭС қурилиши Ўзбекистонга қанча фойда келтиради?

Ушбу мақоламиз орқали атом электр станциясини қуриш ёки қурмаслик ҳақида эмас, балки энергетикамиз истиқболи ҳамда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида маълумотлар келтириб ўтамиз.

Хабарингиз бор, 2019 йилда энг муҳокама қилинган мавзулардан бири бу, шубҳасиз, Ўзбекистонда АЭС қуриш масаласи бўлди. Сабаби бу юртимиз иқтисодиёти учун янгилик бўлиб, иқтисодий самараси билан бир қаторда муҳокамаларда юзага келиши мумкин бўлган экологик оқибатлари ҳақида ҳам кўплаб фикрлар айтилди.

Маълумотларга кўра, АЭС қуриш Ўзбекистон учун иқтисодий манфаатга эга бўлиб, АЭСга қилинган 1 доллар сармоя маҳаллий етказиб берувчиларга 1,9 доллар мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотига 4,3 доллар, давлат бюджетига эса 1,4 доллар фойда олиб келади.

Бундан ташқари, АЭС – электр энергияси нархи барқарор, олдиндан аниқлаш имкони бор ҳамда, яна бир аҳамиятга молик жиҳати, нисбатан арзон электр манбаи эканини ҳам ёдда тутиш керак.

Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган АЭСининг электр қуввати 2,4 ГВт ташкил этади. 2,4 Гигаватт қанча миқдор эканлиги ёки энергия ҳажми тўғрисида тасаввур ҳосил қилишингиз учун қуйидаги маълумотларнинг ўзи етарли деб ҳисоблаймиз. Эътибор қилинг, бу – 7,5 миллионта қуёш паннеллари ишлаб чиқарадиган электр энергияси ёки 240 миллионта ЛЕД лампаларини ёқа оладиган электр қуввати, дегани.

Энди Ўзбекистонда қурилаётган АЭСнинг юзага келиши мумкин бўлган экологик оқибатлари ҳақида тўхталсак. Ўрганишлар жараёни шуни кўрсатдики, энг аввало қурилиш учун тўғри ҳудуд танланганидир. Қолаверса, ушбу замонавий лойиҳада фожеа юз бериш эҳтимоли жуда ҳам кам ва фалокат юзага келишидан кўра, техник носозликлар юзага келишининг олдини олишни ўйлаш мақсадга мувофиқ, менимча.

Жаҳон АЭС тажрибалари тўлиқ ўрганилиб, қурилиши режалаштирилган мазкур йирик объект ҳар томонлама Янги Ўзбекистон учун фойдали ва самарали. Қолаверса, ўзбек илм-фани ривожи учун муҳим аҳамият касб этади.

Умуман, электр энергияси ишлаб чиқаришни жадаллаштирилаётган Ўзбекистонда “яшил” энергия режалари ҳам бор. Унга кўра, ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган “яшил” энергиясига Қуёш энергияси, Шамол энергияси тўғрисида бизга нималар маълум? Амалга оширилаётган сўнги ишларга назар ташлаймиз.

Қуёш энергияси

Навоий вилояти ҳудудида 100 Мегаватт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бўйича синов лойиҳаси тайёр бўлган. Келажакда қуёш электр станцияларининг белгиланган қувватини 2000 Мегаватт (2 ГигаВатт)га етказиш режалаштирилган. 2030 йилга қадар қуёш энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий қувватини 7000 Мегаваттга қадар кўтариш режа қилинмоқда.

Шамол энергияси

Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси билан ҳамкорликда G2G (government to government) тамойили асосида умумий қуввати 500 Мегаваттни ташкил этувчи шамол электр станцияларини қуриш режа қилинган. Экспертларнинг баҳолашича, шамол энергиясини ишлаб чиқариш учун Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятлари энг мақбул шароитли жойлар ҳисобланади.

Мақоламиз сўнгида яна АЭС ҳақида бугунги кунда маълум бўлган қўшимча маълумотларни тақдим этамиз:

  1. АЭС қурилиши 2020 йилда бошланади.
  2. Атом станциясини Тузкон кўли яқинида барпо қилиш режалаштирилмоқда.
  3. Атом электр станциясининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш 2020 йил охирида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Турли ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчиликнинг бу борада олиб бораётган фаоллиги ҳам муҳим, албатта. Қолаверса, иқтисодий самара берадиган мазкур лойиҳаларни амалга оширишда ҳам жамоатчилик янада фаол бўлишади, деган умиддамиз.

Саҳифа интернет маълумотлари асосида тайёрланди