ИЛМ-ФАН

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирига ЮНЕСКОнинг нуфузли халқаро мукофоти топширилди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновга Экваториал Гвинеянинг Жиблоҳо шаҳрида табиий фанлар соҳасидаги тадқиқотлар учун ЮНEСКО – Экваториал Гвинея халқаро мукофоти топширилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шунингдек, ушбу мукофот билан Миср Миллий тадқиқот марказининг Озиқ-овқат токсикологияси ва ифлослантирувчи моддалар кафедраси профессори Mosaad Attia Abdel-Wahhab, Вилнюс университетининг кимё ва ер фанлари факультетидаги «“Nano Tech nas» нанотехнология ва материалшунослик маркази раҳбари Almira Ramanaviciene, Хитойнинг илмий тадқиқотларга йўналтирилган биринчи хусусий университети – Westlake University асосчиси Yigong Shi ҳам тақдирланди.

Мукофотланганларнинг тадқиқотлари озиқ-овқат хавфсизлиги, пахта навларини такомиллаштириш, вакциналарни ишлаб чиқиш ва оғир ирсий касалликларни даволашнинг инновацион усулларига қаратилган.

Маълумот учун, ЮНEСКОнинг мазкур мукофоти 2012 йилдан буён олимларнинг ҳаёт тўғрисидаги фанлар бўйича эришган ютуқлари, асосан, аҳоли оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилашга қўшган ҳиссаси учун бериб келинмоқда. Жанубий Африка, Мексика, Миср, Перу, Буркина-Фасо, Эрон, Бразилия, Ҳиндистон, Сенегал, Португалия, Исроил, АҚШ, Ирландия, Хитой, Буюк Британия етакчи олимлари мазкур мукофот ғолиби бўлган.

Тадбир дастурига мувофиқ барча тақдирланганлар иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда лауреантлар фаолияти ҳақида маълумотлар берилиб, оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan