ИЛМ-ФАН ЎЗБЕКИСТОН

Оқсаётган саводхонлик ёки ёшлар саводсиз бўлиб қолаётганлиги учун ким айбдор?!

Мамлакатимизда Президентимиз Фармони билан қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш жараёнида барча йўналишдаги фанлар бўйича давлат таълим стандартларини, ўқув дастур ва режаларни янгилаш, ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янада такомиллаштириш зарурдир. Aммо миллий таълим тизимига такомиллаштирилган давлат таълим стандартларини биргина қарор ёки буйруқ бериш орқали жорий этиб бўлмайди. Бунинг учун таълим тизимидаги барча иштирокчилар биргаликда ҳамжиҳат бўлиб ишга киришишлари керак. Бу борада қандай муаммолар мавжуд бўлади?

Бугунги таълим тизимини ўтган давр билан тенглаштириб бўлмайди. Ҳозирда мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига ўз мавқеига эга. Шу сабабли таълимда ҳам бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлаётганлигини айтиб ўтиш жоиз деб ўйлайман.

Муҳтарам Президентимиз мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларига алоҳида эътибор қаратаётганлиги бежиз эмас. Чунки бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчи эртанги кунда етук ва малакали кадр бўлиб етишади ва мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига қилган мурожаатларида ҳам айнан шу масалалар таъкидлаб ўтилган. Таълим тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қариб 20 йилдан буён жуда катта ишлар амалга оширилди. Янги қурилган, реконструкция қилинган, замонавий талаблар асосида жиҳозланаётган мактаблардаги энди навбатдаги вазифа – таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўлиб қолмоқда. Очиқ айтиш керак, ёшларга берилаётган таълим даражаси ва улар эгаллаётган таълим сифати бугунги давр талабига тўлиқ мос эмас.

Саноқлигина ёшларимиз иқтидорлилар учун махсус мактабларда, Президент мактабларида, ўқув марказларида, репетиторларда шуғулланиб олий ўқув юртларига ўқишга кирмоқдалар ва ижобий натижаларга эришмоқдалар.

Афсуски, аксарият оммавий мактабларимизда таълим олиш билан чегараланган ёшларимиз эса мактаб программасини тамомлаб, ўз саводлари ва билимлари билан мақтана олмайдилар. Фарзандининг билимли бўлиши учун қизиққан ва шарт-шароит излаган ота-оналарнинг болаларигина бугун етарли билим олишга муваффақ бўлмоқдалар. Ўзида билим олишга ҳеч қандай қизиқиши бўлмаган ота-оналарчи, улар ўз фарзандларидан ўзлари билмаган билимларни эгаллашларини талаб қила оладиларми? Йўқ, албатта. Бундай ота-оналар болаларининг фақат моддий таъминотини ўйлайдилар, холос. Уларнинг саводига ўта бефарқлар. Хўш, бундай ота-оналар республикамизда камми? Фарзандларини қариндошларига қолдириб, йиллаб чет элларда ишлаб юрган ота-оналарчи? Наҳотки улар фарзандларининг саводли ва билимли бўлишига шунчалар эътиборсиз бўлсалар. Хўш, саводсизликнинг илдиз отишига кимлар ёки нималар сабаб бўлмоқда ва бу иллатнинг олдини қандай олиш мумкин? Бугунги глобаллашув даврида ҳамма бирдек мактаб таълимига эътибор бермас экан, эртага кеч бўлади.

Бугунги кундаги таълим олдига қўйилган вазифаларни теран англаб Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан таълим тизимини ислоҳ қилишда бир қатор ижобий ва самарали ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, Халқ таълими вазири саводхонликка алоҳида эътибор бериш лозимлигини таъкидлаб шундай фикр билдирдилар: “Мана бу мактабда таълим бериш бошқа мактабдагига нисбатан яхши деганимизда, бу жудаям субъектив ҳисобланади, чунки бизда таълим сифатини баҳолашнинг объектив тизими йўқ. Афсуски, хорижга ишга бораётган ҳамюртларимиз, ҳаттоки, ўз фамилиясини ёза олмаслиги ёки рус тилида сўзлаша олмаслиги ҳақидаги гапларни эшитиб қоламиз. Бу ҳам ўша ўқитувчилари баҳорда ҳам, кузда ҳам далада бўлган таълим тизимининг оқибатидир».

Мактаб таълими шундай мураккаб нарсаки, унда амалга оширилаётган ишлар бирданига ўз самарасини бермайди, албатта. Мактабда қўлланилаётган янгиликлар ва ислоҳатларнинг қандай натижа беришини билиш учун, албатта, йиллар керак. Бугунги кунда аксарият мактабларимизда кўпчилик ёдлаб олган ва тўтиқушдай такрорлайдиган гап бор: илғор педагогик технология, интерфаол методлар, дарсга креатив (ижодий) ёндашув. Бу тушунчалар ҳақидаги маърузаларни ўқиб чиқсангиз, эҳ-ҳе, биз дунёдаги энг етакчи таълим тизимига эга Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Финляндия давлатларидан ҳам ўзиб кетишимиз керакдек. Лекин амалда бу қанчалик ҳаётга татбиқ этилаётганилиги фикримиз исботидир. Яширмай айтишимиз керак, биз кутган натижаларни бермаяпди. Бугунги кунда муҳтарам Президентимизнинг ёшлар таълим-тарбияси тўғрисида жон куйдириб гапиришлари ва айниқса, ёшлар таълим-тарбияси тўғрисида қатор қарор ва фармойишлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётганлиги фикримиз исботидир.

Ҳар бир қабул қилинган ҳужжатларнинг асоси ёш авлодни ҳар тамонлама баркамол, илмли ва маънавиятли қилиб тарбиялашга қаратилган. Бироқ орамизда шундай айрим раҳбарлар борки, уларнинг саводсизликларидан ёқангизни ушлайсиз. Булар ҳам ўша таълим тизимимизнинг “пуч данаклари ёки қурт тушган мевалари” бўлса керак.

Хўп, бу хатолар учун мен эмас, ижрочи айбдор дейиш мумкин. Чунки ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни ижрочилар тайёрлашади. Хўш ижрочи ким? Оддий бир фан ўқитувчиси. Ахир қилинаётган ишларнинг барчаси ўша ўқитувчи томонидан ташкил қилинадиган 45 дақиқалик дарсга бориб тақалади-ку. Ўқитувчи раҳбарлар томонидан қўйилган талабларни бажаради. Бироқ муҳр ва имзо раҳбар томонидан қўйилади. Бу ҳужжатлар ва бошқа маълумотларни ҳам раҳбар ўқиб, имзо чекиб, муҳрни босади. Ҳар бир имзоланаётган ҳужжат раҳбар салоҳиятини кўрсатмайдими?

Менимча ҳозир “айбдор” излайдиган эмас, камчиликларимизни бартараф этадиган, таълимни тўғри йўлга қўядиган чора излайдиган пайтдир. Хўш, яна саводхонликка қайтайлик. Ўқувчини саводхон қилиш, уни ҳисоб-китобни биладиган, равон ўқийдиган, ўқиган нарсасини гапириб бера оладиган ва унга ўз муносабатини билдира оладиган қилиш умумтаълим мактабларининг 4 йилдан иборат бошланғич таълимида рўй берадиган жараёндир. Бошланғич таълимни тамомлаб, 5-синфга ўтган ўқувчи ўз келажаги ҳақида тасаввурга эга, дарсликни мустақил мутолаа қилиб тушуна оладиган ва керак бўлса, кичик бўлса ҳам илмий кашфиётлар ярата оладиган бўлиши керак.

Ана шуларни ҳисобга олиб, биринчи навбатда, бутун эътиборни, таълимга жиддий ёндошувни бошланғич таълимдан ва ҳозирги кунда компетенцияга қаратиш керак, деб ўйлайман. Таълим муассасаси битирувчиси ўз ҳаётида шахсий, ижтимоий, иқтисодий ва касбий муносабатларга киришиши, жамиятда ўз ўрнини эгаллаши, дуч келадиган муаммоларнинг ечимини ҳал этиши, энг муҳими ўз соҳаси, касби бўйича рақобатбардош бўлишини таъминлашда асосан педагог кадрлар салоҳияти ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Демак, жамиятдаги барча янгиланишларни уйғунлаштириш учун шахсий етуклик билан бирга касбий компетентлик ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Айрим мактаблардаги таълим бериш жараёнини олайлик. Сир эмаски, беш қўл баробар бўлмагани каби ўқитувчиларимиз ҳам, уларнинг салоҳияти ва дарсга ёндошуви бир хил эмас. Бироқ Давлат таълим стандарти деган талаб бор. Ўқувчиларнинг билим, кўникма, малакаларини аниқлаш учун ҳар бир фандан олинадиган жорий ва оралиқ назоратлар бор. Ўқитувчи томонидан тайёрланадиган назорат тестлари талабга жавоб берадими? Юз фоиз талабга жавоб беради деб айтиш қийин, албатта. Бунинг устига ўқувчиларнинг синфдан синфга ўтишида олинадиган босқичли назорат имтиҳонлари ва битирувчилар учун якуний Давлат аттестацияси бор. Бу ерда ҳам ҳаққонийлик бор, деб айта олмаймиз. Агар ҳаққонийлик бўлганида, таълим сифати бугунги аҳволга келиб қолмаган бўлар эди. Бу борада ўз шахсий мулоҳазаларимни айтсам: таълим тизимида шундай қонунлар яратиш керакки, таълим берувчи хоҳлаган тақдирида ҳам бу қонунларни четлаб ўта олмасин. Менимча, ўқувчи синфдан синфга ўтишида олинадиган босқичли имтиҳонларни ва битирувчилар якуний Давлат аттестациясини ўз ҳудудидаги ўқувчи контингенти шу мактабга яқин бўлган бошқа мактабда ва бошқа ўқитувчига топшириши керак (бу ҳозирда ОТМ амалиётдаги факт). Ана шунда ўқувчининг ҳақиқий билими маълум бўлади ва ҳар бир фан ўқитувчиси ўз обрўйи ва ўқувчиларининг билими учун жиддий ёндошиб, ўз ишига ўта масъулият билан қарайди, ўқитувчилар таълимдаги инновацион ғоялар, илғор педтехнологиялар билан қизиқади. Илғор ўқитувчиларни рағбатлантириш, “ўтмаслашиб” қолган, яъни йиллар давомида ўз устида ишламаётган ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ҳам шундан келиб чиқиб амалга оширилиши керак деб ўйлайман. Ўқув жараёнида мақсадларни аниқлаш, лойиҳалаштириш имконияти, натижаларини мувофиқлаштириш мақсадида восита ва услубларни ўзгартириш вақти келмадими? Ҳар бир ўқитувчи ўз ишига жиддий ёндошиб, педагогик технологияга, маълум бир илмий концепцияга таяниб, ўз дарсига фалсафий, психологик ва дидактик асосларни киритса, таълимнинг туб моҳиятида ижобий ўзгаришлар бўлар эди.

Ахборот асрида яшаётган бир пайтда, ёшларимиз ижтимоий тармоқларида мислсиз фойдаланаётганлиги сир эмас. Аммо тармоқдаги мақолаларнинг саводсизларча ёзилаётганлиги муаллифнинг нечоғлик илмсиз эканлигидан далолат беради. Ёшларимиз бу хатоликлар остида шаклланар экан, саводсизлик масаласи янада кучаяверади.

Кундан кун кўпайиб бораётган ижтимоий тармоқлардаги турли гуруҳлар хато ёзилган сўзлар билан ўзларининг саводсизлигини намойиш этмоқда ва натижада сўзларнинг имло қоидаларини билмаган ўқувчилар бундан ўрнак олмоқдалар. Президентимиз ҳар бир йиғилиш ва анжуманларда қайси раҳбар ўз устида ўқиб-ўрганмаса, изланмаса, кундалик матбуот нашрлари билан танишиб бормаса, ундайлардан бирор янгилик ёки ташаббус чиқишига ишонмасликларини қайта-қайта такрорламоқда.

Шу сабабдан саводсизликка қарши курашга то барчамиз бирга ҳаракат қилиб, тўғри йўл топмагунимизча замонамизнинг барча қатлам ва соҳаларида асосий долзарб масалалардан бири бўлиб қолаверади.

Ижтимоий тармоқларида ҳам саводхонлик илмини оширувчи сайтлар очилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳозирда таълимда ўқувчиларнинг билимини бир неча хил ёндашувлар орқали баҳолаш, таҳлил қилиш, синаб кўриш ва ўз-ўзини баҳолашга имконият беришдан иборатдир. Таълимда узвийлик , тизимлилик белгиси ва саводхонлик таълим жараёнининг мантиғи бўлиб, унинг барча қисмлари ва йўналишларини ўзаро боғлашга хизмат қилади.

Шухрат Мадримов, Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш шўъбаси