ЎЗБЕКИСТОН

Қумқўрғонда 184 та корхонадаги 305 нафар норасмий ишловчи фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди

Иқтисодий барқарорликка эришишда хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш устувор вазифалардан саналади. Айни шу мақсадда юртимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва эркин фаолият юритишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат солиқ хизмати органлари “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида фаолият юритмоқда.

Хусусан жорий йилнинг май ойида туманимизда фаолият юритаётган 1 924 нафар тадбиркорлик субъектининг 42 та муаммолари ўрганилиб, имтиёзли кредит олиш, дастлабки бухгалтериясини юритиш, ҳисоботларни тўлдириш ва топшириш каби 63 та масалалар бевосита солиқ органлари ходимлари кўмагида ҳал этилди.
Бундан ташқари, фаолиятини тўхтатган 19 нафар тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилиб, фаолиятларини қайта тиклашга эришилди.

Хўжалик юритувчи субъектлар билан ўтказилган бевосита мулоқотлар ва кенг кўламли тушунтириш ишлари пировардида 184 та корхонадаги 305 нафар норасмий ишловчи фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди.

Жорий йилнинг май ойи давомида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Қумқўрғон туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 29 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 18 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди ва ўз тасдиғини топмаган 5 та мурожаатни кўриб чиқиш рад этилди.

Энг муҳими, солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этишида ёрдам бериш ҳамда “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида чора қўллашдан олдин бартараф этишга имконият яратиш талабидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, “Солиқ ҳамкор” орқали мурожаат йўллаш ва мурожаатга асосан солиқ ҳуқуқбузарликларини содир этган тадбиркорлик субъектига нисбатан чора кўриш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, мулкчилик шаклидан қатъий назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилиб, унга нисбатан молиявий жазо чоралари кўрилмайдиган бўлди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, барча тадбиркорлик субъектлари юртимизда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган кенг имкониятлар ва енгилликлардан унумли фойдаланишлари ва бунга жавобан, ҳалолликни мезон қилиб, қонуний тартибда фаолият юритишлари лозим.
Зеро, солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори!

Зафар Турсунов, Қумқўрғон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan